АҚШ Green Card лотереяси қоидаларини ўзгартиришни режалаштирмоқда
Ўзгаришлар 2026 йил 10 апрелдан кучга кириши ва DV-2027 лотереясига таъсир қилиши кутилмоқда.

АҚШ ҳукумати Green Card (DV) лотереясида иштирок этиш тартибига ўзгартишлар киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Federal Register нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, янги қоидалар 2026 йил 10 апрелдан кучга кириши мумкин ва улар DV-2027 лотереясидан бошлаб амал қилади.
Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, лотереяда қатнашиш учун ариза топшираётган шахс амал қилаётган паспортга эга бўлиши шарт бўлади. Ариза топшириш жараёнида паспортнинг шахсий маълумотлар ҳамда имзо жойлашган саҳифасининг сканерланган нусхаси ҳам илова қилиниши керак бўлади.
Шунингдек, аризани тўлдириш учун ажратилган вақтни 30 дақиқадан 90 дақиқагача узайтириш режалаштирилмоқда.
АҚШ давлат департаменти мазкур чоралар фирибгарлик аризалари сонини камайтириш ва лотерея жараёнининг шаффофлигини оширишга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябр ойида АҚШ Давлат департаменти Diversity Visa (DV) лотереясида рўйхатдан ўтиш учун 1 доллар миқдорида тўлов жорий этилиши мумкинлигини ҳам маълум қилган эди.







