Россия мигрантлар учун янги талаб жорий этишни режаламоқда
Мамлакатга визасиз кирувчилар мамлакатга кириш режаси ҳақида олдиндан хабар бериши талаб қилиниши мумкин.

Россия Ички ишлар вазирлиги Россияга визасиз киришни режалаштираётган хорижий фуқаролар учун янги тартиб жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Унга кўра, мигрантлар мамлакатга кириш режалари ҳақида олдиндан расмийларни хабардор қилиши талаб этилиши мумкин.
Бу ҳақда вазирликнинг расмий вакили Ирина Волк маълум қилган. Унинг таъкидлашича, федерал қонун лойиҳасида Россияга визасиз киришни режалаштираётган хорижий фуқаролардан олдиндан билдиришнома юбориш талаби белгиланиши кўзда тутилган.
Мазкур механизм Россияга кираётган хорижий фуқаролар ҳаракатини тартибга солиш ва миграция назоратини кучайтиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси қабул қилинса, янги тартиб Россияга визасиз кирадиган мигрантлар учун мажбурий талабга айланиши мумкин.







