Ўзбекистонда давлат идораларида қоғоздан фойдаланиш қисқартирилади
Ходимлар сони ва иш ҳажмидан келиб чиқиб, қоғоз сарфига чеклов жорий этилади.

Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятида қоғоздан фойдаланишни қисқартириш ва иш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Тelegram-канали хабар берди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июнгача давлат идораларида ишлатилган қоғозларни йиғиш учун махсус контейнерлар ўрнатилиб, уларни қайта ишлаш корхоналарига етказиш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, ҳар бир бўлинмада ходимлар сони ва иш ҳажмидан келиб чиқиб, қоғоз сарфига чеклов жорий этилади.
2026 йил 1 майдан бошлаб эса республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида қоғоз, сиёҳ, принтер ва нусха кўчириш ускуналарини харид қилиш харажатлари кейинги 5 йил давомида ҳар йили 15 фоизга камайтириб борилади.
Бундан ташқари, принтерлардан марказлашган ҳолда фойдаланиш тизими жорий этилиб, очиқ офисларда ҳар 20 нафар ходим учун битта принтер ажратилади.
Шу билан бирга, ҳар ойда бир марта “қоғозсиз кун” экологик акцияси ўтказилади.








