“Исроил ҳибсдаги Фаластинликларни доимий қийноққа солиб келмоқда” — БМТ эксперти
2023 йил октябрь ойидан бери 18500 дан ортиқ одам ҳибсга олинган, улардан 1500 нафарини болалар ташкил қилади.

Франческа Албанези томонидан жума куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2023 йил 7 октябрдан бошлаб Фаластинликлар “ўта шафқатсиз жисмоний ва руҳий азобларга” дучор бўлмоқда.
БМТнинг 1967 йилдан бошлаб босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги ҳуқуқ вазияти бўйича махсус эксперти Франческа Албанези ҳисоботида Исроилнинг фаластинликларни қийноққа солиш амалиёти “жамоавий қасос ва вайронкор ниятни кўрсатадиган” тизимли даражада эканлиги таъкидланган.
“Қийноқлар ва геноцид” номли ҳисоботда 2023 йил 7 октябрдан бошлаб Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудидаги аҳолини тўхтовсиз қийноққа солгани таҳлил қилинади.
Ҳисоботга кўра, шафқатсиз калтаклашлар, жинсий зўравонлик, тажовуз, ўлимга олиб келувчи муносабат, очлик ва энг асосий инсоний шарт-шароитлардан маҳрум қилиш минглаб фаластинликлар ва уларнинг яқинларида чуқур ва узоқ муддатли руҳий ва жисмоний излар қолдирган.
“Қийноқлар эркаклар, аёллар ва болаларга нисбатан ҳукмронлик ва жазо сифатида ажралмас воситага айланган, бу нафақат қўлга олишда, балки мажбуран кўчириш, оммавий қирғинлар, барча ҳаётий ресурслардан маҳрум қилиш ва вайрон қилиш орқали узоқ муддатли коллектив оғриқ ва азоб етказиш кампанияси орқали амалга оширилмоқда”, — дейилади ҳисоботда.
Албанези ҳисоботда камида 300 та гувоҳнинг кўрсатмаларини ўз ичига олган ёзма материалларни тўплаган.
Ҳисобот билан бирга берилган баёнотда айтилишича, Албанези қийноқлар ва бошқа ноқонуний муомала турларини барча иштирокчилар, шу жумладан Фаластин қуролланган гуруҳлари томонидан амалга оширилганини қатъий қоралайди”, аммо ушбу ҳисобот “асосий эътиборини Исроил хатти-ҳаракатларига қаратади.
Шу билан бирга Исроил қийноқларни тақиқловчи ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадриятларни камситувчи муолажаларга оид Конвенциянинг аъзоси ҳисобланади.
Албанезининг таъкидлашича, 2023 йил октябрь ойидан бошлаб босиб олинган ҳудудда фаластинликларнинг ҳибсга олиниши кескин ошган, 18 500 дан ортиқ одам ҳибсга олинган, 1 500 бола ҳам шулар жумласидандир.
Ҳисоботга кўра, ҳозирда тахминан 9 000 фаластинлик ҳибсда сақланмоқда, 4 000 дан ортиқ шахс эса “иссиз йўқотилган”. Албанези Исроилнинг ҳибс тизими “тизимли ва кенг кўламли камситиш, мажбурлаш ва террор режимига айланганини” билдирган.
У Исроилни “Фаластин халқига нисбатан давом этаётган геноцид доирасида барча қийноқлар ва ноқонуний муомалаларни дарҳол тўхтатишга” чақирган ва барча давлатларни “Фаластиннинг қолган қисмини вайрон қилишни тўхтатиш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишга” ундаган.
Шунингдек, Албанези Халқаро Жиноий Суд (ISS) прокуроридан Исроил Мудофаа вазири Исраэл Катз, Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва Молия вазири Безалел Смотричга қарши ҳибс эълон қилинишини таъминлашни сўраган.
У ўз ҳисоботини душанба куни БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашига тақдим этиши кутилмоқда. Махсус экспертлар БМТ томонидан тайинланган бўлсалар-да, мустақил экспертлар ҳисобланади ва БМТ номидан гапирмайди.








