Путин Трампга разведка алмашинуви бўйича келишув таклиф қилди — Politico
Унга кўра, Россия Эрон билан разведка ҳамкорлигини тўхтатиш эвазига Украинага Россия ҳақидаги разведка маълумотларини беришни тўхтатишни талаб қилган.

Politico нашрининг хабар беришича, Россия АҚШга Эрон билан разведка маълумотлари алмашинувини тўхтатиш бўйича келишув таклиф қилган. Бунинг эвазига Вашингтон Украинага Россия ҳарбий фаолияти ҳақидаги разведка маълумотларини узатишни тўхтатиши керак.
Маълум қилинишича, ушбу ташаббус Россия президенти Владимир Путиннинг вакили Кирилл Дмитриев томонидан ўтган ҳафта АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда етказилган. Учрашувда АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Виткофф ҳамда Трампнинг куёвлари Жаред Кушнер ҳам иштирок этган.
Таклифга кўра, агар АҚШ Украинага Россия ҳарбий фаолияти ҳақидаги разведка маълумотларини узатишни тўхтата турган бўлса, Москва ҳам Эрон билан разведка маълумотлари алмашинувини, жумладан Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий объектлари координаталари каби маълумотларни улашишни тўхтатиши керак эди.
Бироқ Politico манбаларининг таъкидлашича, АҚШ ушбу таклифни рад этган. Шу билан бирга, бундай ташаббус Европа дипломатик доираларда хавотир уйғотгани қайд этилмоқда. Айрим дипломатлар Москва бу каби таклифлар орқали АҚШ ва Европа ўртасида келишмовчилик пайдо қилишга уринган бўлиши мумкинлигини билдирган. Европа Иттифоқи дипломатларидан бири Россиянинг таклифини «ғазаблантирувчи» деб баҳолаган.
Мазкур масала юзасидан Оқ уй изоҳ беришдан бош тортиб, Вашингтондаги Россия элчихонаси эса журналистларнинг сўровларига жавоб бермаган.
Нашр маълумотларига кўра, Россия Яқин Шарқдаги кескинлик фонида АҚШга Эрон билан боғлиқ яна бир нечта таклифлар ҳам киритган. Хусусан, Axios хабарига кўра, Москва Эроннинг бойитилган уранини Россия ҳудудига ўтказиш ташаббуси билан чиққан, бироқ бу таклиф ҳам АҚШ томонидан рад этилган.
Шунингдек, The Wall Street Journal нашри Яқин Шарқдаги уруш бошланганидан бери Россия ва Эрон ўртасидаги разведка ҳамкорлиги кенгайгани, жумладан сунъий йўлдош тасвирлари алмашинуви йўлга қўйилгани ҳақида ёзган. Кремль эса бу маълумотларни рад этган.
Аввалроқ Дональд Трамп 13 март куни Fox News телеканалига берган интервьюсида Эрон ва Украина билан разведка маълумотлари алмашинуви ўртасидаги эҳтимолий боғлиқлик ҳақида фикр билдирган.







