Қирғизистонда вазир жамоат жойида чеккани учун жаримага тортилди
Ички ишлар вазирлиги қонун лавозими ёки мақомидан қатъи назар, барчага тегишли эканлигини таъкидлади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари жамоат жойида чекканлиги сабаб маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Tengrinews нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, вазирнинг жамоат жойида сигарет чекaётганини акс эттирган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг ушбу ҳолат юзасидан текширув ўтказилган.
Текширув натижасида вазирга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва у 3000 сом миқдорида жаримага тортилган. Маълум қилинишича, жарима тўлиқ тўланган.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вакиллари ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, мамлакатда жамоат жойларида чекиш тақиқланганини ҳамда қонун талаблари лавозими ёки мақомидан қатъи назар барча учун тенг амал қилишини таъкидлади.







