Хитой Тайван бўғози яқинидаги базаларига дронлар жойлаштирди
Дронлар Тайванга ҳужумнинг дастлабки босқичида ҳаво мудофаасини заифлаштириш учун ишлатилиши мумкин.

Mitchell Aerospace Studies институти нинг янги ҳисоботида қайд қилинишича, Хитой овоздан тез учадиган (суперсониc) эски қирувчи самолётларни жанговар дронларга айлантириб, уларни Тайван бўғози яқинидаги олтита ҳаво базасига жойлаштирди.
China Airpower Tracker'нинг февраль ойидаги ҳисоботидаги сунъий йўлдош тасвирларига кўра, ушбу ҳаво майдонларида J-6 қирувчи самолётлар шаклига мос келувчи, қисқа қанотли самолётлар қатори кўринади. Ушбу J-6 самолётлари дастлаб 1960 йилларда Хитой ҳаво кучларида фойдаланилган. Самолётлар дронларга айлантирилгандан сўнг, уларнинг Фужиан вилоятидаги бешта ва Гуангдонг вилоятидаги битта базада мавжудлиги аниқланган.
Митчел институти катта илмий ходими Ж. Майкл Дам Хитой Халқ Озодлик Армияси (PLA) Тайван бўғози яқинидаги ҳаво майдонларига тахминан 200 ёки ундан ортиқ эски қирувчиларни дронларга айлантириб жойлаштирганини айтмоқда.
Дамнинг Reuters агентлигига билдиришича, бу самолётлар Тайванга ҳужумнинг дастлабки босқичида нишонларга зарба бериш учун ишлатилиши мумкин. Улар мустақил ёки масофадан бошқариладиган дронлар сифатида эмас, балки круиз ракеталари каби ишлатилади.
Тайван Мудофаа вазирлиги вакилларига кўра, бу дронларнинг асосий мақсади Тайван ҳаво мудофаасини ҳужумнинг дастлабки тўлқинидаёқ чарчатишдир. Тайван ҳарбийлари Хитой дронларига қарши курашда қиммат ракеталарни ишлатиш харажатини ҳисобга олмоқда. Шу боис, Тайванга дронларни узоқдан йўқ қилиш маблағ ва самарадорлик масаласини келтириб чиқаради. Бу эса ҳарбийлар учун стратегик ҳисоб-китобларни талаб қилмоқда ва дронларга қарши янги тизимларни тезда сотиб олиш режасини шакллантиришга сабаб бўлмоқда.
Хитойнинг бу дронлари энг илғор UAV'лар қаторига кирмаса-да, уларни йўқ қилиш қимматга тушади.
Австралиялик мутахассис Питер Лейтоннинг таъкидлашича, Хитой Тайванга қарши урушда катта ҳужум тўлқинини ишга солиши мумкин: қирувчи самолётлар, турли траекторияларда учувчи ракеталар ва тез ва секин дронлар бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилади, бу эса ҳаво мудофаасида мураккаб вазият яратади.
Икки двигателли J-6 самолёти 1950 йиллардаги Совет Миг-19 қирувчисидан олинган. 1990 йилларнинг ўрталаригача Хитой ҳаво кучларининг асосий қисми ҳисобланган. 500 дан ортиқ J-6 самолётлари дронларга айлантирилган, уларнинг дрон варианти J-6W деб аталади.
Changchun Air Show да намойиш этилган J-6 дрони тўппончалар ва бошқа жиҳозлардан маҳрум қилиниб, автоматик учиш бошқаруви ва ер билан мослашув навигация тизими билан жиҳозланган. Биринчи муваффақиятли парвози 1995 йилда амалга оширилган. Дрон жанговар самолёт сифатида ёки ўқув мақсадида ишлатилиши мумкин.
Демга кўра, Тайван бўғози яқинидаги базалардаги дронлар Хитой томонидан дастлабки соатларда ишга туширилади. Чунки можаро юз берган тақдирда, J-6 дронлари жойлаштирилган ва Тайван бўғозига энг яқин бўлган Хитой аэродромлари Тайван ҳамда унинг иттифоқчиларининг қарши ҳужумларига нисбатан заиф бўлиб қолади.
Тайван мудофаа вазирлиги Reuters агентлигига ўзининг Миллий мудофаа ва хавфсизлик тадқиқотлари институти таҳлил марказининг 2022-йилги ҳисоботига ҳавола қилди, унда бу дронлар "эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган ассиметрик уруш шакли" деб таърифланган.
Мутахассислар Хитой ҳозирда янги UAV'ларни, шу жумладан самолёт ташувчи кема орқали ишлашга мўлжалланган яширин жанговар дронларни ишлаб чиқаётганини ва дронлардан Тайванга бостириб киришни машқ қилишда фойдаланаётганини маълум қилишди.
Хитой Мудофаа вазирлиги ва Тайван ишлари бошқармаси ушбу хабар бўйича саволларга жавоб бермади. Пентагон ҳам изоҳ бериш сўровига жавоб бермади








