Сурхондарёда “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади
Ўзбекистонда аҳолини куз-қиш мавсумида озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.

Ўзбекистонда аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга қаратилган қўшимча чоралар белгиланди. Бу ҳақда Президентнинг 25 мартдаги “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маълум қилинди.
Қарорда 2026 - 2027 йилларда республикада иссиқхоналар фаолиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Ҳужжатга кўра, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуаларини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, иссиқхоналарда энергия тежамкор ҳамда муқобил энергия манбаларига асосланган иситиш тизимлари улушини камида 50 фоизга етказиш кўзда тутилган. Атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар чиқараётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эса босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда.
Қарорга мувофиқ, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади.
Мазкур ҳудудда фаолият юритадиган иссиқхона хўжаликларига қатор имтиёз ва преференциялар берилади. Хусусан, ер участкалари тадбиркорларга электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилганда, 5 йил давомида ижара тўлови ноль ставкада қўлланади.
Бундан ташқари, иссиқхоналарни суғориш ва технологик жараёнлар учун фойдаланиладиган оқова ҳамда ер ости сувларидан фойдаланганлик учун тўловлардан 3 йил муддатга озод этиш белгиланган.
Шунингдек, аномал совуқ об-ҳаво шароитлари даврида экологик талабларга риоя этилган ҳолда истисно тариқасида кўмир ёқишга рухсат берилиши кўзда тутилган.








