Наманганда паррандачилик соҳасида 50 млн долларлик йирик лойиҳа амалга оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида иқтисодий ривожланиш, туризм, қишлоқ хўжалиги ҳамда инфратузилма лойиҳаларини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 март куни Наманган вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда сўнгги йилларда вилоятда саноат, хизматлар ва тадбиркорлик соҳаларида сезиларли ўсиш кузатилаётгани, Наманган кўплаб йўналишларда бошқа ҳудудлар учун намунага айланаётгани таъкидланди. Хусусан, сўнгги саккиз йил давомида 40 мингдан ортиқ янги корхона фаолият бошлаган. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми 6 баробар ошиб, 40 триллион сўмга етди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил якунида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 85,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 8,2 фоизга етган. Саноат маҳсулотлари ҳажми 40,1 триллион сўм, хизматлар ҳажми 56,3 триллион сўмни ташкил қилган. Вилоятга 3,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилган бўлса, экспорт ҳажми 916 миллион долларга етган.
Давлат раҳбари жаҳон бозоридаги беқарор вазият шароитида иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, янги “ўсиш нуқталари”ни ишга тушириш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан 2026 йилда вилоятда иқтисодиётни 9,2 фоизга, саноатни 9 фоизга, хизматларни 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш вазифаси белгиланди. Туризм экспортни 1,7 баробар кўпайтириш, хорижий инвестициялар ҳажмини 5 миллиард долларга, экспортни эса 1,2 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Йил якунига қадар ишсизлик даражасини 3,5 фоизга, камбағалликни эса 2,5 фоизга тушириш вазифаси қўйилди. Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган, Наманган, Косонсой, Норин ва Уйчи туманларини ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда сунъий интеллект асосида ҳудудий салоҳиятни таҳлил қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Норин тумани мисолида инвестицияларни икки баробар ошириш, саноатни 10,4 фоизга, экспортни эса 35 фоизга кўпайтириш имкониятлари аниқлангани таъкидланди. Эндиликда ушбу ёндашувни вилоятнинг барча туманларида қўллаш топширилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳам долзарб вазифалардан бири сифатида кўрсатилди. Шу мақсадда вилоятда кам самарали 2,5 минг гектар боғ ўрнида замонавий интенсив боғлар ташкил этиш ҳамда 8 минг гектар ер майдонини ўзлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, “Наманган” эркин иқтисодий зонасининг “Сабзазор” массивида қиймати 547 миллион долларлик 15 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча электр подстанцияси қуриш зарурлиги таъкидланди. Ҳозирга қадар ушбу ҳудудда 215 миллион долларлик 7 та лойиҳа ишга туширилган.
Вилоятда ахборот технологияларини ривожлантириш мақсадида қиймати 20 миллион долларлик замонавий IT-park биносини қуриш таклифи билдирилди. Мазкур лойиҳа халқаро IT-компанияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда стартап экотизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Давлатобод туманини “Ақлли шаҳар”га айлантириш, Наманган давлат техника университети базасида сунъий интеллект илмий лабораторияси ҳамда стартаплар клубини ташкил этиш ташаббуслари ҳам муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалигида 2026–2027 йилларда 3948 гектар майдонда янги боғ ва токзорлар барпо этиш, 1,3 миллион дона кўчат экиш ҳамда 1,5 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Паррандачилик соҳасида қиймати 50 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Натижада йилига 813 миллион дона тухум ва 2 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш қуввати яратилади.
Туризмни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Поп туманида Арашан кўллари атрофида замонавий туризм мажмуаси, Қамчиқ довонида “Qamchiq Mountain Resort” халқаро тоғ дам олиш зонаси, Чодак қишлоғида туризм маркази ҳамда Нанай ҳудудида сунъий кўл барпо этиш лойиҳалари таклиф этилди.
Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳалар кўриб чиқилди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида Наманган шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш, Учқўрғон ва Уйчи туманларини марказлашган оқова сув тармоқлари билан таъминлаш режалаштирилган.
Йиғилиш якунида Президентимиз вилоятнинг мавжуд иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.







