Ўзбекистон

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш бўйича Президент қарори қабул қилинди

Ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35 ва #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акциялари бошланади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш бўйича Президент қарори қабул қилинди

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Қарорда таъкидланишича, миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги ҳар бир мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий тараққиётини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Мустақиллик халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Президент қарорида қайд этилишича, Ўзбекистоннинг миллий мустақиллиги мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида курашган аждодларимиз орзу-интилишларининг рўёби сифатида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадр-қимматини улуғлаш, жамиятда тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраш, мамлакат тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш ҳамда давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилган.

 

Шу муносабат билан мустақилликнинг 35 йиллиги юртимизда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида кенг нишонланади.

 

Қарорга мувофиқ, байрам тадбирларини ташкил этиш учун Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида республика комиссияси тузилди. Комиссия мустақиллик санасини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда барча туман ва маҳаллаларда муносиб нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади.

 

Белгиланишича, мамлакат бўйлаб мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни кенг тарғиб қилиш, иқтисодий ривожланиш натижаларини ёритиш, мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёшларнинг билим ва касб эгаллашига яратилаётган имкониятларни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Шунингдек, апрель–сентябрь ойларида республика бўйлаб “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида маънавий-маърифий тадбирлар, ижтимоий лойиҳалар ва маданий дастурлар ташкил этилади. Ушбу тадбирларда илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

 

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган асосий байрам дастурини тайёрлашда таниқли ссенарист ва режиссёрлар, шоир ва ёзувчилар, хонанда ва бастакорлар, саҳна рассомлари ҳамда истеъдодли ёш ижрочилар жалб қилинади.

 

Қарорга кўра, 2026 йил 1 июнга қадар миллий мустақиллик ва суверенитет ғояларини ифодаловчи “Ватан фидойилари” рамзий монументи лойиҳаси ишлаб чиқилади. Мазкур монумент келгуси йилларда барпо этиладиган умуммиллий бирдамлик боғларида ўрнатилиши режалаштирилган.

 

Бундан ташқари, 2026 йил 1 августга қадар мамлакатимиз тараққиёти ва мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижаларига бағишланган “Мустақиллик зафарномаси” номли махсус китоб-альбом тайёрланади.

 

Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35 ва #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акцияларини йўлга қўяди. Шунингдек, телеканалларда “35 йиллик Истиқлол йилномаси” туркум ҳужжатли фильмлар ва кўрсатувлар намойиш этилади.

 

Шу билан бирга, 2026 йил август ойида Тошкент шаҳрида “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

 

Байрам муносабати билан Марказий банк томонидан “Мустақилликнинг 35 йиллиги” эсдалик олтин тангаси зарб этилиши ҳам режалаштирилган.

 

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юклатилди.

“Ўғлим мени танимай қолмасмикин?”: “Реал Санжик” судда сўнгги сўзини айтди

“Ўғлим мени танимай қолмасмикин?”: “Реал Санжик” судда сўнгги сўзини айтди

Санжар Каримов қамоқда умрини ўтказиш оғир эканини таъкидлади ва суддан яна ота ва ўғил бўлиш имкониятини сўради.

ТДТУ талабалари нега ётоқхонадан чиқариб юборилди?

ТДТУ талабалари нега ётоқхонадан чиқариб юборилди?

Олий таълим вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Шаръий никоҳдан кейинги зўравонлик: Олмазорда вояга етмаган қиз ҳимояга олинди

Шаръий никоҳдан кейинги зўравонлик: Олмазорда вояга етмаган қиз ҳимояга олинди

Эркак вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик қилиб, унга тан жароҳати етказган.

Қалбаки пуллар савдоси фош этилди: 297 млн сўмлик банкнотларни 148 млн сўмга сотган шахс ушланди

Қалбаки пуллар савдоси фош этилди: 297 млн сўмлик банкнотларни 148 млн сўмга сотган шахс ушланди

Унинг уйидан қалбаки банкнотлар тайёрлашда фойдаланилган принтер, махсус қоғозлар ва бошқа ускуналар ҳам топилган.

“Шаҳристон” бекатида метро поезди нега тўхтаб қолди?

“Шаҳристон” бекатида метро поезди нега тўхтаб қолди?

Метрополитен поезд носозлиги юзасидан изоҳ берди.

Туркияда икки қидирувдаги шахс ушланди: бири 9 йилдан бери қочиб юрган

Туркияда икки қидирувдаги шахс ушланди: бири 9 йилдан бери қочиб юрган

Икки фуқаро белгиланган тартибда Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди.

Пахта терими пули вақтида тўланмаган: теримчиларга қарийб 9 млрд ундириб берилди

Пахта терими пули вақтида тўланмаган: теримчиларга қарийб 9 млрд ундириб берилди

Давлат меҳнат инспекцияси ҳудудларда мониторинг ўтказди.

Электр ва газ учун компенсация: 470 минг оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда

Электр ва газ учун компенсация: 470 минг оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда

Электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинди.