Қашқадарёда бозор раҳбари пора билан ушланди
У савдо дўконини тадбиркорнинг номига расмийлаштириб бериш учун пул талаб қилган.

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида бозор раҳбари мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда пора талаб қилгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, мазкур мансабдор шахс тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқарога бозор ҳудудида жойлашган, тегишли ҳужжатлари расмийлаштирилмаган савдо дўконини сотиш ва кейинчалик дўконни унинг номига ўтказиб беришни ваъда қилган. Эвазига у 80 миллион сўм миқдорида пул талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида эса у тадбиркордан 6600 доллар олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








