Наманганда қарийб 3 минг дона ноқонуний олиб кирилган биологик фаол қўшимчалар фош этилди
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўшни давлатдан ноқонуний йўллар орқали олиб кирилган биологик фаол қўшимчалар фош этилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Ички ишлар ва божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда 1977 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Дамас” русумли автомобиль кўздан кечирилган. Текширув жараёнида транспорт воситаси салонида хорижда ишлаб чиқарилган, бироқ тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар борлиги аниқланган.
Дастлабки суриштирув давомида фуқаро ва унинг турмуш ўртоғи берган кўрсатмаларга кўра, ушбу маҳсулотлар қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб кирилган бўлиб, Андижон вилояти ҳудудида уларнинг эгасига топширилиши режалаштирилган.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида мазкур маҳсулотларни қабул қилиб олаётган вақтида уларнинг асл эгаси — Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Манас шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган аёл ҳамда у билан бирга келган, Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи 1982 йилда туғилган шахс ҳам қўлга олинган.
Аниқланишича, жами 2 957 дона флакондаги капсула кўринишидаги “Самюн Ван”, “Черный тмин”, “Сенна Мекканская”, “Мумие Алтайское”, “Кыст аль-Хинди” номли биологик фаол қўшимчаларнинг умумий қиймати 226 миллион 343 минг сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








