Афғонистонда миналар портлаши оқибатида бир йилда қарийб 500 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди
Қурбонларнинг катта қисмини болалар ташкил этмоқда.

Афғонистонда ўтган йил давомида портламаган ўқ-дорилар ва миналар портлаши оқибатида камида 471 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи Ричард Беннетт Халқаро миналар ҳақида хабардорлик куни арафасида маълум қилди.
Таъкидланишича, портлашлардан энг кўп зарар кўраётган қатлам болалардир. Ҳисоботга кўра, қурбонларнинг қарийб 67 фоизи болалардан иборат. Кўплаб фожиалар болалар тасодифан миналарни топиб, уларни ўйинчоқ деб адаштириши оқибатида содир бўляпти.
Мутахассислар қайд этишича, бундай портлашлар ўнлаб йиллар давом этган қуролли можаролар оқибатида ҳудудларда қолиб кетган портловчи моддалар сабаб юз бермоқда. Статистик маълумотларга кўра, портламаган ўқ-дорилар билан боғлиқ ҳодисалар тинч аҳолининг ўлими билан якунланган барча ҳолатларнинг қарийб 24 фоизини ташкил этади.
Ричард Беннетт миналаштирилган ҳудудларда содир бўлаётган оммавий ўлимлар инсоннинг яшаш ҳуқуқига жиддий таҳдид солаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда айрим ҳудудларда кенг кўламли миналардан тозалаш ишлари амалга оширилган бўлса-да, муаммо ҳануз долзарблигича қолмоқда.
БМТ вакили халқаро ҳамжамиятни миналардан тозалаш дастурларини молиялаштиришни кескин оширишга чақириб, бу орқали тинч аҳоли, айниқса болалар ҳаётини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади.








