“Қамчиқ” довонида автомобиль хандаққа тушиб кетди
Қутқарувчилар автомобилни хавфсиз ҳудудга олиб чиқди.

4 апрель куни А-373 автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, “Водий–Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва транспорт воситаси йўл четидаги хандақ (кювет)га тушиб кетган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Қамчиқ” махсус қутқарув бошқармасига хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар махсус техникалар ёрдамида автомобилни хавфсиз ҳудудга олиб чиққан.
ФВВ эълон қилган видеода автомобилнинг олд қисми шикастланганини, ён ва олд ойнаси дарз кетиб, орқа ойнаси синганини кўриш мумкин.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлиги маълум қилинди.








