“Токиога йўл”: Чемпион руҳи ва миллий ғурур акс этган фильм
Ўзбекистон ва Япония кино ижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган “Токиога йўл” бадиий филми миллий кино оламида муҳим воқеа сифатида намоён бўлди. Фильм бокс бўйича Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалоловнинг ҳаёти, унинг машаққатли йўли ва катта ғалабалари асосида яратилган.

Ўзбекистон ва Япония кино ижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган “Токиога йўл” бадиий филми премьераси Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон миллий кино санъати саройида бўлиб ўтди. Фильмнинг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш, миллий контентни ривожлантириш ва кенг тарғиб этишдир. Асарда мамлакатда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда юқори натижаларга эришиш йўлида яратилган шарт-шароитлар ёрқин акс эттирилган.

Фильм режиссёри ва продюсери Акром Исаковнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа орқали бугунги Ўзбекистон спортининг кучи ва халқаро майдондаги нуфузи намоён этилган:
“Бугунги кунда Ўзбекистон бокс бўйича дунёда етакчи ўринда. Биз ўз кучимизни исботлаб бўлдик. Энди дунё биз билан ҳисоблашмоқда. Бу фильм – ана шу ғурур ва натижанинг ифодаси.”
Унинг сўзларига кўра, фильм нафақат спортнинг муваффақияти, балки миллий ўзликни англаш, ўзбек эканидан фахрланиш туйғуларини уйғотишга хизмат қилади:
“Биз ота-боболаримиз билан фахрланамиз. Энди бугунги авлод ҳам ўзини исботлаяпти. Бу фильм – ўша давомчиликнинг белгиси.”
Режиссор фильмни томоша қилиш зарурати ҳақида ҳам алоҳида тўхталди:
“Олдин спортда катта натижалар кам эди. Бугун эса бутун дунё тан оляпти. Ўзбеклар дейишса, кучли халқ сифатида қараляпти. Бу фильм – байроғимизни гап билан эмас, меҳнат билан кўтариш ҳақида.”
Унинг фикрича, фильм томошабинга оддий ҳикоя эмас, балки жонли исбот – меҳнат ва фидойилик натижасини кўрсатади.

Фильмда бош ролни ижро этган актёр учун бу лойиҳа осон кечмаган. У ҳатто дастлаб ролни йўқотганини очиқ айтади:
“Бу роль қўлимдан кетган эди. Ҳатто бошқа актёр билан 40 фоиз суратга олиш ишлари ҳам бажарилган. Лекин мен умидимни узмадим. Ичимда бу роль меники бўлишини ҳис қилардим.”
Актёрнинг айтишича, у бу роль учун жиддий тайёргарлик кўрган:
“Мен сабабсиз диэта қилдим, сабабсиз бокс машғулотларига бордим. Мен шунчаки ишонардим. Чунки бу менинг орзум эди.”
Фильмда жанг саҳналари айниқса мураккаб бўлган. Актёр бу жараённи шундай эслайди:
“Профессионал боксёр билан беш кун давомида жанг саҳналарини суратга олдик. Кунига 10-12 соат ишладик. Асосан мен зарба едим. Ҳатто мия чайқалиш ҳолатигача борди.”
Шунга қарамай, у бу жараённи ижобий баҳолайди:
“Мен бирор марта 'қийналдим' демадим. Бу мен учун завқ эди. Яна бўлса, яна-да яхшироқ ижро этардим.”
Актёр Баҳодир Жалолов билан тўғридан-тўғри кўп мулоқот қилмаганини ҳам айтиб ўтди:
“Мен кўпроқ унинг дўстлари билан суҳбатлашдим. Чунки инсонни яқинлари уни яна-да яхшироқ билади. Жанг саҳналарида – қатъиятли, оилавий саҳналарда эса – самимий образ яратишга ҳаракат қилдим.”
Фильм ижодкорлари ва қаҳрамонларнинг фикрича, “Токиога йўл” – бу ёшлар учун кучли мотивация манбаи:
“Бу фильм ёшлар учун мотивация беради. Унда қийинчиликлар, меҳнат ва ғалаба йўли кўрсатилган.”
“Токиога йўл” — бу шунчаки биографик фильм эмас. Бу – ишонч, сабр ва меҳнат орқали эришилган ғалабанинг бадиий ифодасидир. Фильм томошабинга нафақат спортдаги муваффақиятни, балки инсоний куч ва ироданинг чегарасизлигини ҳис қилдиради.
У ҳар бир ўзбек учун фахр, ҳар бир ёш учун эса илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.








