Эрон бир кечада йўқ қилиниши мумкин — Трамп
Трамп сешанба тунигача Эрондаги барча кўприклар ва электр станциялари йўқ қилиниши мумкинлигини айтди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйдаги брифингда Эронга нисбатан кескин баёнотлар бериб, Вашингтонда қисқа муддат ичида мамлакат инфратузилмасини йўқ қилиш режаси мавжудлигини билдирди. Шу билан бирга, у Теҳрон музокараларда иштирок этаётганини ҳам таъкидлади.
Трампнинг маълум қилишича, АҚШда шундай ҳарбий режа борки, унга кўра сешанба ярим тунгача Эрондаги кўприклар ва электр станцияларига зарба берилиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бундай операция бир неча соат ичида амалга оширилиши эҳтимолдан холи эмас.
Брифингда иштирок этган АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳарбий ҳаракатлар кўлами ортиб бораётганини билдириб, яқин кунларда зарбалар янада кучайишини айтди.
Шу билан бирга, Трамп Эронни можарони тўхтатишга қаратилган музокараларда “фаол иштирокчи” деб атади. Унинг айтишича, воситачилар орқали олиб борилаётган мулоқотлар ижобий баҳоланмоқда, аммо келишув шартлари тўлиқ очиқланмаган.
АҚШ президенти Эрон раҳбарияти АҚШ талабларини бажармаса, инфратузилма объектларига зарба бериш эҳтимолини истисно қилмади. У бу каби ҳаракатлар юзасидан халқаро айбловлардан хавотир билдирмади.
Шунингдек, Трамп АҚШ томонидан Эрон ҳукуматига қарши намойишчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қурол юборилганини, аммо улар белгиланган манзилга бормаганини маълум қилди. У бу ҳолатда айрим воситачиларни айблаб, улар жавобгарликка тортилиши мумкинлигини таъкидлади.
Президентнинг айтишича, АҚШ разведкаси томонидан олинган маълумотларга кўра, айрим эронликлар ташқи босимларга қарамай, ўз позицияларида қолишга тайёр эканини билдирган.








