Шавкат Мирзиёев мактабларда спорт тўгаракларининг “номига” ташкил этилаётганини танқид қилди
Президент раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мавжуд муаммолар танқид қилинди.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари спортнинг нафақат мусобақа, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён этувчи муҳим омил эканини таъкидлади.
Қайд этилишича, сўнгги тўққиз йилда 1,5 мингдан ортиқ маҳаллада 1 минг 774 та замонавий спорт майдончаси барпо этилган. Ҳудудларда 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари ва қарийб 4 минг хусусий спорт клублари фаолият бошлаган. Профессионал спорт билан шуғулланувчи ёшлар сони 2 баробарга ошган, олимпия терма жамоалари спортчилари 2 баробар, паралимпия йўналишида эса 3 баробар кўпайган.
Биргина ўтган йилнинг ўзида спортчилар халқаро мусобақаларда 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медални қўлга киритгани, 50 нафардан ортиқ спортчи жаҳон ва Осиё рекордларини янгилагани таъкидланди.
Шу билан бирга, тизимдаги муаммолар ҳам танқид қилинди. Хусусан, мактабларда спорт тўгаракларини ташкил этиш ва мураббийларни маҳаллаларга жалб қилиш ишлари етарли даражада эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Тошкент шаҳридаги 15 та мактабда тўгараклар “номига” ташкил этилиб, уларга атиги 3–4 нафар бола қатнаётгани аниқланган. Шунингдек, ўтган йили Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида мактаб ўқувчиларининг тўртдан бири жисмоний тайёргарлик бўйича минимал талабларни бажара олмаган.
Йиғилишда ҳокимлар олдига ҳар бир мактабда спорт тўгараклари учун шароит яратиш ва қамровни ошириш вазифаси қўйилди.
Спорт мактаблари фаолиятида ҳам камчиликлар қайд этилди. Уларнинг иқтидорли ёшларни маҳаллама-маҳалла аниқлаш ўрнига тайёр спортчилар билан ишлаётгани танқид қилинди.
Жумладан, Самарқанд вилоятида мавжуд имкониятлар ҳисобига 100 минг нафар ёшни профессионал спортга жалб этиш мумкин бўлса-да, амалда бу кўрсаткич 3 баробар камлиги қайд этилди. Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ҳам мавжуд салоҳиятнинг фақат ярми ишга солинаётгани билдирилди.
Бундан ташқари, ихтисослашган спорт мактабларининг оддий спорт мактабларидан фарқи сезилмаётгани эътирозга сабаб бўлди. Мисол сифатида, Термиз шаҳридаги 4 та ихтисослашган спорт мактаби натижалари Жарқўрғондаги битта спорт мактаби даражасига ҳам етмаётгани келтирилди. Жарқўрғон спорт мактаби ўтган йили Осиё ва жаҳон чемпионатларида 6 та медаль қўлга киритган бўлса, вилоятдаги 4 та ихтисослашган мактаб жами 1 та медаль билан чекланган.
Президент ҳар бир ихтисослашган спорт мактаби директори ва мураббийлари иш услубини ўзгартириши, аниқ натижаларга йўналтирилган тизим жорий этилиши зарурлигини таъкидлади. Уларнинг ойлик маоши ўқувчилар натижасига боғланиши лозимлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга юқори натижаларга эришган спорт мактабларини рағбатлантириш тизимини кучайтириш, амалдаги мукофотларга қўшимча равишда яна 500 миллион сўмдан алоҳида мукофот ажратиш топширилди.








