Чечен бўлинмалари Эрон учун жанг қилмайди — Рамзан Қодиров
Қодиров Эроннинг Форс кўрфазидаги мамлакатларга ҳужумини қоралаб, араб давлатлари билан “биродарлик” муносабатида эканини таъкидлади.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров чечен ҳарбийлари АҚШ ва Исроилга қарши урушда Эрон томонида жанг қилмаслигини маълум қилди.
У бу ҳақда 8 апрель куни Telegram каналида рус ва араб тилларида баёнот бериб, ижтимоий тармоқларда тарқалган “чечен бўлинмалари Эронга юборилиши мумкин” деган хабарларни рад этди.
Қодировнинг таъкидлашича, агар Эрон фақат АҚШ ва Исроилга қарши ҳаракат қилганида, шундай бўлиши мумкин эди. Бироқ у Эроннинг Форс кўрфази араб давлатларидаги нишонларга зарба бераётганини танқид қилди.
“Бу шундай бўлиши мумкин эди, агар Эрон фақат АҚШ ва Исроилга қарши ҳарбий ҳаракат олиб бораётганида. Аммо улар бизнинг биродарларимизга ҳам ҳужум қилмоқда. Ҳеч шубҳасиз, шахсан мен Эрон томонини қўллаб-қувватлайман, аммо битта ълекинъ бор — мен Эроннинг Форс кўрфази араб давлатларидаги тинч объектлар ва фуқаролик инфратузилмасига зарба беришини қўллаб-қувватламайман”, — деди Чеченистон раҳбари.
Чеченистон раҳбари БАА, Баҳрайн ва Саудия Арабистони етакчилари билан “биродарлик” муносабатида эканини ҳам қайд этиб, ушбу мамлакатларда тинч аҳоли қурбон бўлаётганидан норози эканини билдирди.
Аввалроқ Қодиров Эроннинг Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбаларини “кутилган жавоб” деб баҳолаган, бироқ фуқаролик объектларига ҳужумларни номақбул деб атаган эди.
Маълумот учун, чечен бўлинмалари Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этмоқда. Украина Хавфсизлик хизмати 2022 йилда Қодиров ва унинг яқинларига нисбатан ҳарбий жиноятлар бўйича далиллар борлигини маълум қилган.







