Жаҳон

Исроилнинг Ливанга ҳужумлари 250 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлди

Ливан бош вазири Исроилни “ҳимоясиз тинч аҳолига зарба беришда” айблади.

Исроилнинг Ливанга ҳужумлари 250 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлди

Эрон ва АҚШ ўртасида эълон қилинган икки ҳафталик сулҳдан бир неча соат ўтиб, Исроил Ливан ҳудуди бўйлаб кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Натижада камида 254 киши ҳалок бўлди, 1 165 нафардан ортиқ одам жароҳат олди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

 

Ливан Фуқаро мудофааси хизмати маълумотига кўра, ҳужумлар чоршанба куни содир бўлган. Зарбалардан сўнг мамлакат соғлиқни сақлаш тизими кескин босим остида қолган.

 

Соғлиқни сақлаш вазири Ракан Носириддин Исроил томонидан “100 дан ортиқ ҳаво зарбалари” берилганини билдириб, вазиятни “хавфли кескинлашув” дея баҳолади. Унинг айтишича, тез ёрдам хизматлари ҳануз жабрланганларни шифохоналарга етказмоқда ва расмийлар халқаро ташкилотлардан ёрдам сўрамоқда.

 

Исроил армияси эса Ливан бўйлаб 2 мартдан бери олиб борилаётган ҳарбий амалиёт доирасидаги энг йирик мувофиқлаштирилган зарба амалга оширилганини маълум қилди. Ҳужумлар Байрут, Беко водийси ҳамда мамлакат жанубий ҳудудларини қамраб олган.

 

Исроил мудофаа вазири Исрaeл Кац зарбалар “Ҳизбуллоҳ инфратузилмаси”га қаратилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳарбийлари Ливан бўйлаб қўмондонлик марказларида жойлашган юзлаб жангариларга кутилмаган зарба берган. Бу “Пейжерлар операцияси”дан буён Ҳизбуллоҳга берилган энг йирик зарба сифатида баҳоланди.

 

Исроил томони зарбага учраган объектларнинг аксарияти тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларда жойлашганини тан олиб, “бегуноҳ фуқароларга зарар етказмаслик учун чоралар кўрилганини” билдирди.

 

Гувоҳларнинг айтишича, Байрут ва унинг атрофида кучли портлашлар юз берган, осмонни тутун қоплаган. Кўплаб одамлар ваҳима ичида кўчаларга чиқиб кетган. Ливан Қизил Хоч жамияти 100 та тез ёрдам бригадаси жалб этилганини маълум қилди.

 

Al Jazeera мухбири Малколм Веббнинг хабар беришича, зарбалар кутилмаган ҳудудларга берилгани сабабли шаҳарда тартибсизлик ва ваҳима юзага келган. Жароҳатланганлар шифохоналарга етиб боришга уриниб, айримлар эса тирбандлик сабаб транспорт воситаларини ташлаб кетган.

 

“Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни қоралаб, зарбалар Байрут жанубий ҳудудлари, Сайда шаҳри, Ливан жануби ва Беко водийсидаги тинч аҳоли пунктларига қаратилганини билдирди.

 

Ливан парламенти спикери Набиҳ Берри ушбу зарбаларни “тўлиқ уруш жинояти” деб атади.

 

БМТнинг Ливан бўйича махсус координатори Жанин Хеннис эса томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. У 2006 йилги 1701-резолюция асосида музокаралар бошланиши зарурлигини таъкидлади.

 

Мазкур ҳужумлар АҚШ ва Эрон ўртасида беш ҳафтадан ортиқ давом этган уруш ортидан эълон қилинган сулҳ фонида юз берди. Воситачилик қилган Покистон Ливан ҳам келишув доирасига киритилганини билдирган.

 

Бироқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу сулҳ Ливанга тааллуқли эмаслигини айтиб, “Ҳизбуллоҳ”га қарши зарбалар давом этишини маълум қилди. У Исроил исталган вақтда Эрон билан тўқнашувни қайта бошлашга тайёр эканини ҳам қўшимча қилган.

 

Ҳужумлар арафасида Исроил ҳарбийлари Ливан билан чегарадан 40 километргача бўлган ҳудудда мажбурий кўчириш бўйича огоҳлантириш берган. Байрут жанубий ҳудудлари аҳолиси уйларини тарк этишга чақирилган.

 

Ливан бош вазири Навоф Салам Исроилни “ҳимоясиз тинч аҳолига зарба беришда” айблади ва халқаро ҳамжамиятни босим ўтказишга чақирди.

 

Ҳизбуллоҳ вакиллари эса Исроил сулҳга амал қилмаса, Эрон ва унинг иттифоқчилари томонидан жавоб чораси кўрилиши мумкинлигини билдирди.

 

Шу куни Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибаф АҚШ билан сулҳ ва музокараларни “асоссиз” деб атаб, Эрон таклиф қилган 10 бандли режа бир неча бор бузилганини қайд этди.

 

Расмий маълумотларга кўра, 2 мартдан буён Исроил зарбалари оқибатида Ливанда 1 530 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида 100 дан ортиқ аёл ва 130 нафар бола бор. Можаро сабаб 1,2 миллиондан ортиқ аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Мактаб олдида пичоқли ҳужум: 8 нафар ўқувчи жароҳатланди

Мактаб олдида пичоқли ҳужум: 8 нафар ўқувчи жароҳатланди

15 ёшли қиз мактабга кираётган ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилган.

Сибирда ўлат аниқланмади: карантиндагиларнинг 60 фоизи чиқарилди

Сибирда ўлат аниқланмади: карантиндагиларнинг 60 фоизи чиқарилди

Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат бўйича тадқиқот институти ходими вафот этганидан кейин у билан алоқада бўлганлар текширилди.

Нигерияда ҳарбий самолёт ботқоққа қулади: 25 киши ҳалок бўлди

Нигерияда ҳарбий самолёт ботқоққа қулади: 25 киши ҳалок бўлди

Мамлакатда 3 кунлик миллий мотам эълон қилинди.

ЕИ 2027 йил охиригача Россия газидан тўлиқ воз кечади — Фон дер Ляйен

ЕИ 2027 йил охиригача Россия газидан тўлиқ воз кечади — Фон дер Ляйен

Россия газининг ЕИ импортидаги улуши аллақачон 45 фоиздан 12 фоизгача қисқарган.

Энди навбат АҚШга: Нью-Йоркда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Энди навбат АҚШга: Нью-Йоркда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Штатда йил бошидан буён қизамиқнинг 108 та ҳолати қайд этилган.

Макка келишуви амалда: Туркия ва Покистон қўшинларини Саудия Арабистонига тезкор жойлаштириш чораларини кўради

Макка келишуви амалда: Туркия ва Покистон қўшинларини Саудия Арабистонига тезкор жойлаштириш чораларини кўради

Макка ва Мадинага қилинган ҳужумларга уринишлар ҳамда Саудия Арабистонидаги фуқаролик ва иқтисодий объектларга таҳдидлар қораланди.

Эл-Ниньо 347 млн болага таҳдид солмоқда: UNICEF хавфдан огоҳлантирди

Эл-Ниньо 347 млн болага таҳдид солмоқда: UNICEF хавфдан огоҳлантирди

Эл-Ниньо кучли тошқинлар, қурғоқчилик, сув ва озиқ-овқат танқислиги ҳамда касалликлар хавфини ошириши мумкин.

“Бу жуда кичик нарх”: Трамп Эрон билан урушда АҚШ шаҳарлари вайрон бўлиши мумкинлигини айтди

“Бу жуда кичик нарх”: Трамп Эрон билан урушда АҚШ шаҳарлари вайрон бўлиши мумкинлигини айтди

Эрон билан можарода Лос-Анжелес ва Сан-Диегога зарар етиши мумкин.