Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ТУРКСОЙ томонидан энг яхши музей деб эътироф этилди
Марказда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференцияда 20 дан ортиқ мамлакатдан 300 нафарддан зиёд олимлар, экспертлар ва дипломатлар иштирок этди.

Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Амир Темур ва Темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган бўлиб, у қисқа вақт ичида нуфузли халқаро илмий мулоқот майдонига айланди.

Конференцияда 20 дан ортиқ мамлакатдан 300 нафарддан зиёд олимлар, экспертлар, дипломатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар орасида ICESCO, Oxford Centre for Islamic Studies, IRCICA ҳамда “Ал-Фурқон” жамғарманинг халқаро ташкилотлар ва илмий марказлари вакиллари ҳам бор эди. Анжуман Ўзбекистон Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил қилинган, WOSCU ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.

Конференция доирасида Амир Темур шахси ва Темурийлар даври меросининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, давлат бошқаруви ва дипломатия, ҳарбий стратегия, меъморчилик ва шаҳарсозлик, илм-фан ва таълим ривожи каби йўналишлар бўйича илмий маърузалар тақдим этилди. Мутахассислар ушбу даврни Шарқ Уйғонишининг муҳим босқичи сифатида баҳолаб, унинг глобал сиёсат, иқтисодиёт ва маданият тараққиётига кўрсатган таъсирига алоҳида эътибор қаратди.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири — ТУРКСОЙ томонидан Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази “энг яхши музей” деб эътироф этилганидир. Бу марказнинг нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам юқори нуфузга эга эканини тасдиқлайди.

Ҳозирда ТУРКСОЙ томонидан мазкур марказнинг “энг яхши музей” деб эътироф этилиши унинг халқаро миқёсдаги нуфузи ва аҳамиятини янада ошириб, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён этишда муҳим омил сифатида хизмат қилмоқда.








