Ўзбекистон

Президент Маданият ва санъат ходимлари куни билан соҳа ходимларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев эл-юртга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган санъат усталари ва ёш ижрочиларга, барча соҳа ходимларига фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдирди.

Президент Маданият ва санъат ходимлари куни билан соҳа ходимларига табрик йўллади

Ўзбекистон Президенти 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни билан маданият ва санъат ходимларини табриклади.

 

“Ушбу қутлуғ айёмда ўзининг бетакрор истеъдоди, билим  ва маҳорати билан эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган санъат усталари ва ёш ижрочиларга, барча соҳа ходимларига фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдирамиз”, дея бошланади Президент табриги.

 

Давлат раҳбари сўнгги йилларда мамлакатда барча соҳалар қатори маданият ва санъат тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, натижада соҳанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиб, ходимларнинг ижодий меҳнати муносиб рағбатлантирилаётганини, театр, кино, музей ва маданий тадбирлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати изчил яхшиланаётганини қайд этди.

 

“Замонавий бошқарув механизмлари жорий этилиб, давлат-хусусий шериклик асосида янги ижодий лойиҳалар, рақамли технологиялар ва илғор тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётгани, маданий контент яратиш кўлами кенгайиб бораётгани маданият муассасалари фаолиятида самарадорлик ва жозибадорликни янада оширишга хизмат қилмоқда. Кейинги йилларда юртимизда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда ушбу йўналишда 5 та олийгоҳ ташкил этилди, кўплаб муассасалар замонавий жиҳозлар билан таъминланди, 125 та тарихий-маданий мерос объектида  асраш ва тиклаш бўйича зарур ишлар амалга оширилди.

 

Ўтган йили тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилдик. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилиши бошланди”, деган Президент

 

Шунингдек Шавкат Мирзиёев жорий йилда Марказий кўргазмалар зали, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг биноси, Павел Бенков номидаги рассомлик мактабида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилишига тўхталган.

 

Бундан ташқари табрикда ўзбек маданий дипломатияси изчил ривожланаётгани. нуфузли халқаро форумлар, танловлар, фестиваллар ҳамда маданият кунлари мунтазам ўтказиб келинаётгани, ўтган йили Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, Бухорода Биринчи халқаро замонавий санъат биенналеси, Нукусда Орол маданияти саммити, Хоразмда Туркий дунё маданият форуми, Тошкентда эса Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирларининг биринчи учрашуви юқори савияда ташкил этилгани таъкидланган.

 

“Энг муҳими, Ватанимизнинг санъат соҳасида халқаро жараёнлардаги иштироки кенгайиб, нуфузи ортиб бормоқда. Ўзбекистонлик санъаткорларнинг Европадаги нуфузли маданият масканларидаги чиқишлар хорижлик санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.  Бу ҳақда сўз юритганда, Австриянинг Залсбург шаҳридаги Grosses Festspielhaus саҳнасида Ўзбекистон Миллий балети гуруҳи томонидан «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балети намойиш этилганини таъкидлаш лозим”, дейилади табрикда.

 

Бундан ташқари давлат раҳбари 9 апрелда яна бир йирик санъат маскани – Мусиквереин саҳнасида Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг 690 йиллик таваллуд санасига бағишланган мусиқали опера асарининг тақдимоти ўтказилганини қайд этган.

 

“Миллий кино санъатимизни ривожлантириш, хусусан, “Тирик тарих” туркумида ғоявий ва бадиий юксак асарлар яратиш борасидаги ишлар дастлабки натижаларни бермоқда. Ўтган йили давлат буюртмаси асосида 123 та кинофильм тайёрланиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Ўтган йилнинг ўзида соҳада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган 35 нафар ходим уй-жой билан таъминланди. Маданият муассасалари ходимлари иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилди. Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев, ёш хонандалар учун Ботир Зокиров номидаги мукофотлар ҳамда маҳаллий ва хорижий ижодкорлар учун “Келажак мероси” халқаро мукофоти тақдим этиб келинмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.

Президент табригида ватандошларга маданият ва санъат соҳасини маънавий тарбия воситаси ҳамда креатив иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантириш бугунги кунда устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани билдирилди.

 

Қайд этилишича, ижодий индустрияни қўллаб-қувватлаш, маданий хизматлар бозорини кенгайтириш ҳамда санъат маҳсулотлари экспортини ошириш долзарб йўналишлар сирасига киради. Шу мақсадда ташкил этилаётган Креатив индустрия парки мазкур вазифаларга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Режаларга кўра, 2030 йилга бориб креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5 фоизга етказилади.

 

Табрикда соҳа ривожида ижодкорлар, мутахассислар ва фидойи ходимларнинг ўрни алоҳида қайд этилиб, уларнинг билим ва тажрибаси миллий маданиятни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.

 

Шунингдек, келгусида ҳам соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий ва техник ходимлар меҳнатини муносиб қадрлаш устувор йўналиш бўлиб қолиши таъкидланди.

 

Якунда барча соҳа вакиллари касб байрами билан табрикланиб, уларга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва янги ижодий ютуқлар тиланди.

 

custom img

Ўзбекистонда доллар курси тушди

Евро ва Хитой юани ҳам пасайди, рубль эса ошди.

custom img

Ўзбекистонда Workmall хорижга ишга юбориш агентлигининг лицензияси бекор қилинди

Фуқаролардан агентлик фаолияти билан боғлиқ мурожаат ёки шикоятларни 2026 йилнинг 30 майига қадар тақдим этиш сўралди.

custom img

Тошкент бозорларида бўялган помидорлар сотилаётгани рад этилди

Санепидқўм ходимлари томонидан пойтахтдаги барча озиқ-овқат бозорлари ўрганилди.

custom img

Зироат Мирзиёева анъанавий “Инсон учун” фестивалига ташриф буюрди

Ташриф давомида Ўзбекистон Биринчи хоними ижтимоий лойиҳалар, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан танишди.

custom img

Солиқ қўмитаси картадан-картага ўтказмаларни текширишни бошлади

Қўмита бу жараён иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартиришга қаратилганини билдирди.

custom img

Қашқадарёда экологияга зарар етказган корхонага қарийб 11 миллиард сўм компенсация белгиланди

Завод ҳудудида қурилиш ва бошқа турдаги чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилгани, нефть маҳсулотлари аралашган оқова сувлар очиқ майдонларга ташлаб юборилгани аниқланди.

custom img

Тошкентда ота фарзанди учун 121 млн сўм алимент олдиндан тўлади

Эркак шу тариқа фарзанди 18 ёшга тўлгунча бўлган алимент тўловларини амалга оширган.

custom img

Тошкентда опа укаси билан уй талашиб, 197 млн сўм ундирди

Пул маблағлари МИБ орқали укадан опага ундириб берилган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"