Жомбой туман ИИБ собиқ бошлиғи жиноий жазога тортилди
3 йилга яқин Жомбой туман ИИБни бошқарган Ўктам Холиқов судланди. У тумандаги фаолияти давомида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган. Хусусан, чорвачи аёлдан қарийиб 100 млн сўмга 6 бош қорамол сотиб олиб, унинг пулини бермай юрган. Аёл пул маблағининг бир қисмини суд орқали олган.

Самарқандда ИИБ бошлиғи мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва фирибгарликда айбланиб жазога тортилди. Zamon.uz суд ҳужжати билан танишди.
Маёр Ўктам Холиқов Жомбойга келишидан олдин Самарқанд туман ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. 2022 йилда Жомбой туман ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. 2023 йилда лавозимга тасдиқланиб, 2025 йил 8 апрелга қадар фаолият юритган.
“Меҳрибон” бошлиқ
2025 йил, 12 феврал. Одатий иш куни. Холиқов қўл остидаги профилактика инспекторига МЖтКнинг 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган шахсни хизмат хонасига олиб келишни буюради. Инспектор Жонибек Сатторов икки ҳуқуқбузар борлигини, бири майда безорилик қилган Рамзиддин Актамов ва ҳужжациз, маст ҳолда автомобил бошқарган Муҳиддин Азимов борлигини айтади. Шунда Холиқов Актамовни хонасига киритиб қўйишни, Азимовни эса махсус бўлимга жойлаштиришни топширади. Инспектор топшириқни бажаради. У Актамовга қўлланган қарор ижроси кимга юклатилганини билмасди. Орадан вақт ўтиб, Сатторов Холиқов ихтиёрида қолган ҳуқуқбузар ИИБ биносидан қочиб кетганлигини билади. Инспектор бошлиқнинг мурувват кўрсатганидан кечроқ хабар топади. Лекин Актамов 2 кун ўтиб ушланади ва қарор ижроси таъминланади.
Отбоқар
Бошлиқнинг қўшниси отбоқар бўлади. У Холиқовнинг 4 та отига қараб юради. Унинг таниши 2025 йил 11 январ куни “Жигули”да Булунғур туманида ЙТҲ содир этади, унда бир фуқаро жароҳат олади ва шифохонага ётқизилади. “Жигули” эса жарима майдончасига жойлаштирилади. Шундан сўнг, фуқаро отбоқарга сим қоқиб, автомашинани жарима майдончасидан чиқариш ҳамда жабрланувчининг даъвосидан воз кечтириш учун ёрдам сўрайди. Отбоқар уни Беҳруз исмли шахс билан таништиради. Кейин иккови Холиқовнинг ҳузурига бориб, ҳолатни тушунтиради ҳамда 10 млн сўм пул эвазига жабрланувчининг оғзини ёпиш ва автомобилни жарима майдончасидан чиқаришга кўмак истайди. Холиқов отбоқари билан юзма-юз бўлиб, Бахтиёр яхши бола эмаслигини, ташкилотларга ишлашини айтади. Отбоқар у қийин аҳволда қолганини айтади. Бошлиқ буни Булунғур туман судясига айтиб кўришини, ҳозир жабрланувчининг ўзи билан гаплашиш кераклигини билдириб уларни жўнатиб юборади. ЙТҲ содир этган шахс жабрланувчи билан суҳбатлашиб моддий зарарни қоплаш учун Беҳрузнинг автомашинасида 10 млн сўм пул қолдираётганини билдиради.
Бу вақтда Холиқов унга қўнғироқ қилиб, иш судда эканлигини, ёрдам бера олмаслигини маълум қилади. Шундан кейин у бир неча маротаба Беҳруздан пулни қайтаришни сўрайди. Беҳруз эса “пулни бошлиқдан сўра” дея жавоб қайтаради. Орадан 3-4 кун ўтгач, судланувчи пулини ўзи қолдирган жойдан олади ва судда Холиқовга нисбатан даъвоси йўқлигини айтади.
“Бошлиқ молларингиздан олмоқчи”
Бу воқеа Холиқов туман ИИБ’га бошлиқ этиб тасдиқланганидан сўнг рўй берди. Судда гувоҳ сифатида қатнашган Гулчеҳра Шербоева Тўққизбой маҳалласида чорвачилик билан шуғулланади. У 2022 йил апрел ойида маҳалладаги 40 нафар шахсга 74 бош қорамол олиб беради. 2 йил мобайнида уларнинг 28 нафари қорамолларнинг пулини ўз вақтида тўламайди. Шундан сўнг, 2023 йил ноябрида Гулчеҳра Шербоева туман ИИБ’га ариза билан мурожаат қилади. Ўктам Холиқов масалани шахсан ўрганиш мақсадида Шербоеванинг мол фермасига келади. У қорамолларни кўриб, уларга қизиқиб қолади. Сўнгра, ИИБ ходими аёлга қўнғироқ қилиб, “бошлиқ молларингиздан олмоқчи” дейди. Шербоева мурожаати ўрганилишини кутган эди. Лекин ундай бўлмади.
Икки нафар ИИБ ходими фермага келиб, 6 бош қорамолни яъни 2 тонна 220 кг тирик вазнда 45 000 сўмдан жами 99 млн 900 000 сўмга савдолашишади. Пулини эса 2024 йил январ ойига қадар беришини айтади. Аёл муддат яқинлашавергач пулни сўраб, туман ИИБ биносига бўзчининг мокисидай қатнайди. Ходимлар уни турли баҳоналар билан алдаб жўнатаверади. 2024 йил давомида бошлиқ аёлга 65 млн 820 минг сўм пул маблағини қайтаради. Қолганини туя қилади.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас
Холиқов бу ишлар билан тўхтамади. 2024 йил июн ойида бошлиқнинг отбоқари жабрланувчи Ўрал Юсуповга туманнинг Қудуқли қишлоғида жойлашган ҳокимлик захирасидаги 10 гектар ер майдонида биргаликда деҳқончилик қилишни таклиф этади. Ердан 30 йил муддатда фойдаланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ИИБ бошлиғига 10 000 АҚШ доллари тутиш лозимлигини айтади. Юсупов унга 10 минг тугул, 5 минг пули ҳам йўқлигини билдиргач, “ҳеч бўлмаса 4 000 минг доллар бериш керак” дейди. Жабрланувчи қўшнисидан 50 млн сўм қарз кўтариб, отбоқар билан туман ИИБ’га боради. Холиқов хонасидан чиқиб, уларни туман марказига йўллайди. Бироз вақт ўтиб, ИИБ бошлиғи хизмат машинасида ўзи айтган жойга боради. Юсуповга пулларни “полик” устига қўйдиради. Кейин отбоқарига қараб, “Ўрални раис қиламиз энди” дея, машинасини бошқариб кетади. Бироқ, ваъда ўз ҳолича қолаверади.
Кунлардан бир куни Юсупов электр тармоғига ноқонуний улангани фош бўлиб, ходимлар тегишли ҳужжатлар расмийлаштиради. Сўнгра, у ҳолат ҳақида отбоқарга хабар беради. У тайинланган жариманинг ярмини Холиқовга берса, масала ҳал этилишини айтади ва бошлиққа қўнғироқ қилиб, “Ўрални электр тармоқлари корхонаси ходимлари жарима қилиб кетишибди, ўзи билан 200 АҚШ доллари олиб юрибди, шуни ишини ҳал қилиб беринг", дейди. Холиқов рози бўлади.
Икковлон туман ҳокимлиги биносига чақирилади. Бошлиқ уларни манзилда кутиб турарди. Юсупов жаримани бекор қилиш учун 2 млн 500 минг сўмни 200 долларга ҳисоблаб “ҳалоскор”га узатади.
“Холиқов мендан пулни олгач, ундан 500 мингини Шаҳзодга бериб ўзини ҳисобидан чой ичишимизни айтди. Кейин у билан қайтиб кетдик. Лекин ер масаласида олган пуллар эвазига ваъда қилган 10 гектар ерни олиб бермади ва электр тармоқлари корхонаси ходимлари солган жаримани ҳам бекор қилдирмади, аксинча электр тармоқлари корхонасининг қарори мажбурий ижрога ўтиб, қўшимча жарималар солинди, транспорт воситамга тақиқлар қўйилди” - деган у судда.
Шундан сўнг, Юсупов Холиқов ва отбоқар олган олган пулларни улардан талаб қилиб, ўрталарида кечган суҳбатни телефонига ёзиб олади. Иложсиз қолган бошлиқ жабрланувчининг талабини бажаришдан ўзга чора тополмайди. Моддий зарар тўлиқ қопланади, Юсупов судда Холиқовга даъвосиз бўлади.
Суд қандай жазо тайинлади?
Ўктам Холиқов судда айбига қисман иқрорлик билдирди. Мазкур иш 2026 йил 12 март куни ЖИБ Самарқанд шаҳар суди судяси Ориф Пардаев раислигида кўриб чиқилди. Унда Жомбой туман ИИБ’нинг собиқ бошлиғи Ўктам Холиқов 10 млн сўмни қўлга киритганлик эпизоди бўйича оқланди.
Шунингдек, Холиқов Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва 168-моддаси 3-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 206-модда 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 1 йил 6 ой муддатга Ички Ишлар органлари тизимида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди ва 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Суд Жиноят кодексининг кодекснинг 62-моддасига асосан Ўктам Холиқовнинг 2025 йил 29 декабр кунидан 2026 йил 12 март кунига қадар қамоқда сақланганини ҳисобга олиб, унинг ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилди ва ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил-у 10 ой 18 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.
Судланувчига қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, Холиқов дарҳол ҳибсдан озод қилинди.
Жазо ижросини Самарқанд туман ИИБ бошлиғи таъминлайдиган бўлди. От айланиб-айланиб қозиғини топадиган бўлди.
Суд Ўктам Холиқовнинг отбоқарига ҳам ҳукм эълон қилди. Судланувчи Ш.О. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Гаровга қўйилган 10 млн сўми унинг ўзига қайтарилиши белгиланди. Жиноят оқибатида етказилга моддий зарарни қоплаш мақсадидиа Холиқов ҳисобидан жабрланувчи Гулчеҳра Шербоевага 34 млн 100 минг сўм ундириладиган бўлди.
Ушбу материал суд ҳужжати асосида тайёрланди








