Фарғонада йилига 750 минг сайёҳни қабул қиладиган йирик “Каркидон” туризм мажмуаси барпо этилмоқда
Агротуризм, экотуризм ва фаол ҳордиқ йўналишларини бирлаштирувчи мазкур мажмуа 2027 йилдан тўлиқ қувватда иш бошлайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қува туманидаги «Каркидон» сув омбори ҳудудида барпо этилаётган замонавий туризм мажмуасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Мазкур маскан Фарғона водийсида ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқариш йўналишларида энг жозибадор манзиллардан бирига айланиши кутилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, ҳудудда умумий қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси шакллантирилмоқда. Айни пайтда йўл инфратузилмасини яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
508 гектар майдонни эгаллаган мажмуа агротуризм, экотуризм ҳамда экстремал туризм йўналишларини ўзида мужассам этади. Бу ерда 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, агротуризм мажмуаси, гуллар боғи, лавандазор, экобозор, ресторанлар ва сокин дам олиш ҳудудлари ташкил этилган.
Президент ҳудудда яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, бундай лойиҳалар аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда мамлакат сайёҳлик салоҳиятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратилади. Мажмуа йилига 750 минг нафаргача сайёҳни қабул қилиши, 3 миллиард сўм буджет тушуми ва 5 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаши кутилмоқда. Комплекс 2027 йилдан бошлаб тўлиқ қувватда фаолият юритади.
Келгусида ҳудудда мотокросс майдонлари, 2 километрли дор йўли, картинг ва гольф майдонлари барпо этилиши режалаштирилган. Ушбу имкониятлар «Каркидон» мажмуасини фаол туризм йўналишидаги етакчи масканлардан бирига айлантиради.
Ташриф давомида давлатимиз раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуалари фаолияти билан ҳам танишди. Шунингдек, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли сайёҳлик лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Жумладан, Тахтакўпир туманидаги Қоратеренг кўли, Хонобод туманидаги сунъий кўл, Хатирчи туманидаги «Кўксарой» сув омбори, Поп туманидаги Арашан кўли, Нуробод туманидаги «Собирсой» ҳамда Каттақўрғон сув омбори атрофида йирик туризм мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган.
Бу каби лойиҳалар ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш ва мамлакатнинг сайёҳлик жозибасини кучайтиришга хизмат қилади.








