“Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га 16 та мажбурий кўрсатма берилди
Қашқадарёдаги корхонада экологик талаблар бузилгани аниқланиб, иш судга юборилди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан экологик қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш ҳамда саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида Қашқадарё вилоятида навбатдаги текширув тадбирлари ўтказилди.
Ўтказилган тадбирлар жараёнида “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” атроф-муҳитга мунтазам салбий таъсир кўрсатаётганлиги, жумладан, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этилмаслиги, чанг-газ тозалаш ускуналари, оқова сувларни тозалаш иншоотлари экологик талабларга жавоб бермаслиги ва яна бир қатор экологик қонунчилик талаблари қатъий бузилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан корхонага нисбатан қўшимча компенсация тўловлари белгиланган. Шунингдек, 16 банддан иборат бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Тўпланган ҳужжатлар якуний баҳо бериш ва қарор чиқариш мақсадида суд органларига юборилган.








