Жаҳон шаҳарлар форуми WUF13 жорий йилда Бокуда ўтказилади
17–22 май кунлари бўлиб ўтадиган WUF13 шаҳарсозлик, инновация ва “яшил” ривожланиш масалаларига бағишланади.

2026 йил 17–22 май кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон шаҳарлар форуми — WUF13 бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли тадбир дунёдаги энг йирик глобал платформалардан бири бўлиб, шаҳарларда барқарор ривожланиш ва замонавий урбанизация масалаларига бағишланган.
Форум БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури (UN-Habitat) ва Озарбайжон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда давлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Жаҳон шаҳарлар форуми 2001 йилда БМТ томонидан глобал урбанизация жараёнлари ва унинг жамият, иқтисодиёт ҳамда иқлим ўзгаришига таъсирини ўрганиш мақсадида таъсис этилган. 2002 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб келинаётган ушбу форум бугунги кунда энг очиқ ва инклюзив халқаро мулоқот платформаларидан бири сифатида эътироф этилади.
WUF13 доирасида шаҳарларни барқарор ривожлантириш, тажриба алмашиш ва инновацион ечимларни муҳокама қилишга қаратилган қатор сессиялар, давра суҳбатлари, ассамблеялар ҳамда “Urban Expo” кўргазмаси ташкил этилади. Ушбу кўргазмада иштирокчилар замонавий шаҳарсозлик, инфратузилма ва “яшил” технологиялар соҳасидаги илғор ечимлар билан танишиш имконига эга бўладилар.
Форумнинг асосий йўналишлари қуйидагиларни қамраб олади: барқарор урбанизация бўйича жамоатчилик хабардорлигини ошириш, сиёсий ва амалий тажрибалар алмашинуви орқали билимларни бойитиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
Шунингдек, WUF13 доирасида “SDGs in Action”, “ONE UN”, “Urban Voices”, “Networking Events”, “WUF Academy”, “Urban Library” ва “Urban Cinema” каби махсус тадбирлар ҳам ташкил этилади.
Мутахассислар фикрича, Боку шаҳрида ўтказиладиган WUF13 глобал урбанистик сиёсат ва келажак шаҳарларини ривожлантириш йўналишида муҳим халқаро платформа бўлиб хизмат қилади.








