Исроилда ҳукуматга қарши оммавий норозиликлар бошланди
Қуддус, Тел-Авив ва Ҳайфада минглаб фуқаролар кўчаларга чиқди.

Исроилнинг бир қатор йирик шаҳарларида ҳукумат сиёсатига қарши норозилик намойишлари бошланди. Хусусан, Қуддус, Тел-Авив ҳамда Ҳайфа шаҳарларида ўтказилаётган акцияларда минглаб фуқаролар иштирок этмоқда.
Намойишчилар Бенямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат фаолиятидан норози эканликларини билдирган. Улар, жумладан, 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужум сабабларини мустақил равишда ўрганиш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилишини талаб қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Тел-Авивдаги намойишларга бир қатор фуқаролик ҳаракатлари, жумладан “Кураш ташкилотлари форуми” ҳамда ҳужум қурбонлари оила аъзоларини бирлаштирган “Октябрь кенгаши” етакчилик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан Исроил ҳудудига уюштирилган ҳужум оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлган ва 250 нафарга яқин шахс гаровга олинган. Шундан сўнг Исроил томони Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган эди.








