Жамоат транспортида сунъий интеллект технологиялари жорий қилинади
Самарқанд, Наманган, Хива ва бошқа туризм шаҳарлари учун замонавий “яшил транспорт” дастурлари ишлаб чиқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда жамоат транспорти тизимини янада ривожлантириш, аҳолига қулай ва хавфсиз транспорт хизматларини кўрсатиш ҳамда соҳадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатда экологик тоза ва замонавий жамоат транспортини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги уч йил давомида пойтахт ва вилоят марказларига 2 минг 650 та замонавий автобус ва электробус олиб келиниб, брутто-шартнома асосида 279 та янги мунтазам йўналиш ташкил этилди.
Натижада йўналишга ҳар куни чиқаётган автобуслар сони 3 минг 150 тага етди. Кунлик қатновлар сони 18 мингдан 45,2 мингтага, йўловчилар оқими эса 900 минг нафардан 2,3 миллион нафарга ошди. Шунингдек, соҳада 4,8 мингта янги иш ўрни яратилди.
Тақдимотда урбанизация жараёнлари ва аҳоли ҳаракатининг ортиб бораётгани сабабли жамоат транспорти тизимини ягона агломерация тамойили асосида ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Унга кўра, шаҳарларга туташ 12 километргача бўлган ҳудудларни ҳам брутто-шартнома асосидаги автобус қатновлари билан қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Назарбек, Шифобахш сувлар ва Уч Қаҳрамон ҳудудларини пойтахт билан боғлаш орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга камайтириш мумкинлиги қайд этилди. Умуман, пойтахтда 19 та, вилоят марказларида эса 79 та янги йўналиш ташкил этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, “электропоезд – автобус” ва “электропоезд – метро” каби интеграциялашган тариф тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳудудларда жамоат транспорти паркини янгилаш мақсадида яна 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобусларга эҳтиёж борлиги қайд этилди. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, кредит линияларини кенгайтириш ҳамда автобусларни импорт қилишда утилизация йиғимидан озод қилиш муддатини яна икки йилга узайтириш таклиф этилди.
Тақдимотда ҳайдовчилар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айрим ҳайдовчиларнинг меъёрдан ортиқ ишлаётгани хизмат сифати ва ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан бир автобусга тўғри келадиган ҳайдовчилар сонини 2 нафардан 3 нафарга ошириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, диспетчерлик марказлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали автобуслар ҳаракатини йўловчилар оқимига мос равишда бошқариш таклиф қилинди. Бу эса йўловчи ташиш таннархини 10–15 фоизга қисқартириш имконини беради.
Давлат раҳбари жамоат транспортини ривожлантиришда туризм марказларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Самарқанд ва Наманган учун замонавий “яшил транспорт” мастер-режаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон ва Қўқон каби йирик туризм шаҳарлари учун ҳам жамоат транспортни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Президент жамоат транспорти аҳоли ҳаёт сифати, экология, иқтисодий фаоллик ва шаҳарлардаги ҳаракат маданияти билан бевосита боғлиқ муҳим соҳа эканини таъкидлаб, транспорт хизматлари сифати ва хавфсизлигини ошириш, йўналишларни кенгайтириш ҳамда рақамлаштиришни жадаллаштириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.








