Путин келаси ҳафта Хитойга расмий ташриф билан боради
Ташрифнинг асосий мавзуси Россия ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик ва икки томонлама муносабатлар бўлади.

Россия президенти Владимир Путин келаси ҳафта Хитойга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда The Moscow Times хабар берди.
Маълумотларга кўра, ташриф 19-20-куни амалга оширилади. Манбаларнинг таъкидлашича, бу сафар Пекинда йирик тантаналар ёки ҳарбий маросимлар ўтказилмайди, ташриф асосан икки томонлама расмий музокаралар доирасида бўлади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин Хитойга сафарига тайёргарликлар олиб борилаётганини тасдиқлаб, аниқ сана “яқин кунларда” эълон қилинишини билдирган.
Песковга кўра, ташрифнинг асосий мавзуси Россия ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик ва икки томонлама муносабатлар бўлади. Шунингдек, Путин ва Хитой раиси Си Цзинпин яқинда Хитойда ўтказилган АҚШ–Хитой музокаралари юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.
Агар ташриф амалга ошса, бу бир ой ичида Хитой томонидан Россия ва АҚШ етакчиларининг қабул қилиниши билан боғлиқ ноёб дипломатик ҳолат бўлиши қайд этилмоқда.








