Ўзбекистон

Инсон ҳуқуқлари соҳасида ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда

Ушбу лойиҳа доирасида 18 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида халқаро эксперт профессор Полин Якобснинг оммавий маърузаси тингланди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) билан ҳамкорликда “Capstone Project Uzbekistan” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида 18 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида халқаро эксперт профессор Полин Якобснинг оммавий маърузаси тингланди.

 

                                       

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов мазкур лойиҳанинг инсон ҳуқуқлари соҳасида янги авлод тадқиқотчиларини тайёрлашдаги стратегик аҳамиятини таъкидлади. Миллий марказ директори ўзининг табрик сўзида қайд этганидек, айни тадбир лойиҳанинг ишга тушириш босқичидан амалий илмий-тадқиқот фаолиятига ўтилганини англатади.

 

Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) дастурлар раҳбари Анел Тлеукеш ҳам ўз табрик сўзларини изҳор этди.

 

                                   

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) билан ҳамкорликда, Нидерландия Қироллигининг Марказий Осиё мамлакатларидаги элчихонаси ва Тилбург университети кўмагида ташкил этилди. Маъруза 2026 йил 13 апрелда расман ишга туширилган “Capstone Project Uzbekistan” лойиҳасини амалга ошириш доирасида ўтказилди.

 

Профессор Полин Якобс Нидерландия Қироллигининг Тилбург университети Жиноят ҳуқуқи ва жиноят процесси кафедраси доценти ҳисобланади. Унинг оммавий маърузаси "Умрбод озодликдан маҳрум этишга нисбатан инсон ҳуқуқлари истиқболлари" мавзусига бағишланди.

 

                                         

 

Халқаро эксперт ушбу соҳадаги Европа стандартларининг қиёсий таҳлилини, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг прецедент амалиётини, шунингдек, Тилбург университетининг жиноят-ижроия ҳуқуқи соҳасидаги илмий тадқиқотларга ёндашувларини тақдим этди. Адолат, жамоат хавфсизлиги ва инсоннинг асосий ҳуқуқларига риоя этиш тамойилларининг ўзаро нисбати масалаларига, шунингдек, маҳкумларни реабилитация қилиш ва ижтимоий реинтеграция қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Маъруза якунида савол-жавоб сессияси бўлиб ўтди. Унда тадбир иштирокчилари жиноят-ижроия сиёсати, жазо тизимини инсонпарварлаштириш ва миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

 

                                     

 

Тадбир доирасида Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси талабаларидан иборат лойиҳа иштирокчиларининг тўққизта жамоаси томонидан илмий-тадқиқот ташаббуслари тақдимоти бўлди.

 

Ушбу тадқиқотлар мавзулари замонавий инсон ҳуқуқлари фанининг энг долзарб йўналишларини қамраб олган. Бу ўринда, жумладан, рақамли муҳитда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ кибертаҳдидларга қарши курашиш; собиқ маҳкумларни рақобатбардош меҳнат бозорида ижтимоий реинтеграция қилиш; халқаро экологик масъулият контекстида Орол ҳалокатининг ҳуқуқий оқибатлари каби муҳим мавзулар ҳақида сўз бормоқда.

 

Ҳар бир тақдимот якунида профессор Полин Якоб иштирокчиларга батафсил эксперт шарҳлари бериб борди. Тадқиқот ишини янада ривожлантириш бўйича услубий тавсиялар ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда илмий таҳлилни чуқурлаштириш йўналишлари кўрсатиб берилди.

 

Маълумки, “Capstone Project Uzbekistan” лойиҳаси ёш тадқиқотчиларда инсон ҳуқуқлари соҳасида замонавий илмий ва таҳлилий иш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ва халқаро илмий ҳамжамият ўртасидаги академик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати

custom img

Истанбулда адашиб масжидга келиб қолган 13 ёшли ўзбекистонлик қиз онасига топширилди

Масжид имоми хабар бергач, дипломатлар вояга етмаган болани консулхонага олиб келиб, унинг яқин қариндошлари билан боғланган.

custom img

Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчилари, устоз ва ота-оналарни Билимлар куни билан табриклади

Давлат раҳбари янги ўқув йили таълим тизимида янги маърифий юксалиш йили бўлишига умид билдирди.

custom img

Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга амалий ташрифи якунланди

Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди. Ташриф доирасида ШҲТ саммити, “ШҲТ плюс” учрашуви ва қатор икки томонлама музокаралар ўтказилди.

custom img

Зироат Мирзиёева Бишкекдаги маданий тадбирларда иштирок этди

ШҲТ саммити доирасида қирғиз халқининг санъати ва анъаналари намойиш этилди.

custom img

Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди

Мусобақаларда 90 дан ортиқ мамлакатдан 3 мингдан зиёд спортчи иштирок этмоқда.

custom img

Шавкат Мирзиёев номига Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан хориждан табрик мактублари келмоқда

Хорижий ҳамкорлар ўз мактубларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва халқаро майдондаги фаол ролини юқори баҳолаган.

custom img

Ўзбек тилини ўрганиш халқаро даражага чиқмоқда

Оксфорд талабалари учун Ўзбекистонда Ёзги мактаб ўз ишини бошлади.

custom img

Саида Мирзиёева Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан табриклади

Президент Администрацияси раҳбари ўз табригида мамлакат ривожи олдида қатор йирик вазифалар турганини таъкидлади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"