Ўзбекистон гидроэнергетикасининг 100 йиллиги ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкил топганлигининг 9 йиллиги муносабати билан тантанали байрам сайли ўтказилмоқда
Мамлакатимиз гидроэнергетикаси тарихи 1926 йил май ойида дастлабки ГЭС – Бўзсув ГЭСнинг ишга туширилиши билан бошланган эди.

Kечa, 17 май куни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфидаги “Энергетиклар сиҳатгоҳи”да Ўзбекистон Республикаси гидроэнергетика соҳасининг 100 йиллиги ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкил этилган топганлигининг 9 йиллиги муносабати билан катта байрам сайли ташкил этилди.
Мамлакатимиз гидроэнергетикаси тарихи 1926 йил май ойида дастлабки ГЭС – Бўзсув ГЭСнинг ишга туширилиши билан бошланган эди.
2017 йил 18 май санаси эса мустақил мамлакатимиз гидроэнергетикаси тарихида янги босқич – муҳим ва рамзий аҳамиятга эга сана ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги ПФ–5044-сонли Фармони асосида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ мустақил ва ягона тармоқ сифатида ташкил этилди. Мазкур тарихий қарор мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасини янги босқичга олиб чиққан, соҳани тизимли бошқариш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга хизмат қилган муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Сўнгги йилларда дунёда энергетика хавфсизлиги масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Аҳоли сонининг ортиши, иқтисодиёт ва саноат тармоқларининг жадал ривожланиши, энергия ресурсларига бўлган талабнинг ўсиши давлатлар олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Шу билан бир қаторда иқлим ўзгариши, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби масалалар бутун дунё ҳамжамияти диққат марказида турибди.
2017 йилга қадар мамлакатимизда умумий қуввати 1604 МВт бўлган 36 та гидроэлектр станция фаолият юритган бўлса, кейинги тўққиз йил ичида соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
Натижада 2026 йилга келиб, мамлакатимиздаги гидроэлектр станциялар сони 100 тага етди. Соҳанинг умумий ўрнатилган қуввати эса 2402 МВтни ташкил этмоқда. Шунингдек, қисқа давр мобайнида қўшимча 800 МВт янги «яшил» энергия қувватлари яратилди.
Энг муҳими, соҳада нафақат янги қувватлар барпо этилди, балки миллий муҳандислик ва саноат салоҳияти шакллантирилди.
Ўтган давр мобайнида «Ўзбекгидроэнерго» тизимида гидроэлектр станцияларни лойиҳалаш, қуриш, монтаж қилиш, синовдан ўтказиш ва ишга тушириш жараёнларининг барчаси босқичма-босқич миллий мутахассислар салоҳияти асосида амалга ошириладиган яхлит тизимга айлантирилди.
Бугунги кунда гидроэнергетика объектларини яратиш жараёнлари ягона узвий занжир асосида ташкил этилган бўлиб, унда:
- лойиҳалаш ва техник ўрганиш ишлари,
- лойиҳа қидирув ва муҳандислик изланишлари;
- муҳандислик -техник ҳисоб-китоблар;
- гидроагрегатлар ва технологик ускуналарни ишлаб чиқариш;
- қурилиш-монтаж ишлари;
- гидромеханик ускуналарни тайёрлаш ва ўрнатиш;
- электротехник жиҳозларни ўрнатиш ва монтаж қилиш;
- автоматлаштириш тизимларини жорий этиш;
- синов ва ишга тушириш ва фойдаланиш ишлари асосан маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда.
Бу эса мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида мустақил миллий инженерлик мактаби шаклланганини англатади.
Сўнгги йилларда соҳада маҳаллийлаштириш даражаси ҳам янги босқичга чиқди. Илгари асосан хориждан келтирилган айрим ускуна ва механизмлар эндиликда мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда.
Хусусан, янги саноат қувватлари ва махсус ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди. Гидроэнергетика объектлари учун зарур бўлган металл конструкциялар, гидромеханик қурилмалар, айрим турдаги технологик жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бу нафақат импорт ўрнини босиш, балки миллий саноат кооперациясини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бугун гидроэнергетика соҳасида “миллий бренд” асосида янги лойиҳалар яратилмоқда. ГEСларни қуришда маҳаллий муҳандислар, лойиҳачилар, қурувчилар ва энергетиклар иштироки тобора ортиб бормоқда.
Мазкур ютуқлар мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасининг фақат энергия ишлаб чиқарувчи тармоқ эмас, балки юқори технологик, муҳандислик ва саноат салоҳиятига эга стратегик йўналишга айланганини кўрсатмоқда.
Маҳаллийлаштириш доирасида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилган «UzHydroPower» заводи ўз ихтисослигига кўра гидроэнергетика тармоғи учун зарур бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Қуввати 40 МВтгача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқарувчи заводлар МДҲ кесимида ҳам, нафақат Европа ёки Осиё, балки жаҳон кесимида ҳам жуда оз сонли заводлар қаторига киради.
Ҳозирги кунда «UzHydroPower» заводи Жамият томонидан амалга оширилаётган “миллий лойиҳалар” учун зарурий бўлган ускуналар ҳамда эҳтиёт қисмларни етказиб бермоқда.
Ўзбекистонда илк маротаба гидротехника иншоотларини рақамлаштириш мақсадида соҳадаги илғор АҚШ, Канада, Англия, Швейцария, Италия, Словакия ва Хитой давлатларининг нуфузли компаниялари ижобий тажрибасини ўрганиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида техник ва ташкилий узилишларни бартараф этиш ҳамда ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш йўли билан гидроэнергетикада гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган ахборот тизимларининг ягона мажмуаси ҳисобланган – “Вазиятлар маркази” ишга туширилди.
Айтиш жоизки, Марказ жойлардаги тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаб, Жамият тасарруфидаги жами 6 та сув омбори ҳамда 100 дан зиёд катта ва кичик ГEСларни реал вақт режимида мукаммал кузатиш ва таҳлил қилиш имкониятини яратади. Чуқур таҳлилий ўрганишлар асосида Жамият тасарруфидаги сув омборларини хавфсиз ишлашини таъминлаб бориш мақсадида барча турдаги назорат-ўлчов қурилмаларига замонавий датчиклар ўрнатилиб, маълумотларни онлайн тарзда юқори аниқликда узатиш, сув омборлари хавфсизлик ҳолатини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳодисаларни электрон тарзда автоматик қайд этишга эришилди.
Хусусан, Жамият ва тизим ташкилотларига Италиянинг нуфузли «SISGEO» компаниясининг 4000 га яқин юқори аниқликдаги (КИАлар, назорат-ўлчов қурилмалари) замонавий датчик ва қурилмалари объектларга ўрнатилди.
Жамият сўнгги уч йил давомида ЭСГ рейтинги бўйича 2-даражали 79 балл билан халқаро кўрсаткични сақлаб келмоқда. Бу Марказий Осиё миқёсидаги энг юқори натижалардан бири ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида жами 1,3 млрд. долларлик инвестициялар ўзлаштирилди.
Жамият томонидан олиб борилган изчил ислоҳотлар, молиявий барқарорликни таъминлаш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги йилларда халқаро кредит рейтинги кўрсаткичлари босқичма-босқич юксалиб борди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, нуфузли халқаро “Fitch Ratings” рейтинг агентлиги томонидан 2020 йилда «Ўзбекгидроэнерго» АЖга илк бор «Б+» даражасида кредит рейтинги берилган бўлса, кейинги йилларда Жамиятнинг молиявий барқарорлиги, инвестицион жозибадорлиги ва бошқарув самарадорлиги юқори баҳоланиши натижасида рейтинг кўрсаткичлари изчил равишда ошириб борилди.
Натижада, 2025 йил якунларига кўра, “Фитч Ратингс” агентлиги томонидан Жамиятга «BB+» даражасидаги «барқарор» кредит рейтинги берилди. Мазкур кўрсаткич Жамиятнинг халқаро молиявий бозорлардаги ишончли ва барқарор компания сифатидаги нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганини англатади. Мазкур рейтинг Жамиятнинг молиявий барқарорлиги, инвестицион салоҳияти, корпоратив бошқарув тизими ҳамда соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг халқаро молиявий институтлар томонидан юқори баҳоланаётганини кўрсатади.
Энг муҳими, бу каби халқаро рейтинг ва кўрсаткичлар нафақат Жамият нуфузининг ошишига, балки амалда хорижий инвесторлар ишончининг мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилмоқда. Натижада йирик лойиҳаларни давлат кафолатисиз, тўғридан-тўғри инвестициялар ва давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш имкониятлари кенгаймоқда.
Барчамиз шуни билишимиз лозимки, бу халқаро даражадаги рейтинглар фақат қоғоздагина чиройли рақамлар ёки Жамиятнинг нуфузини шунчаки кўз-кўз (PR) қилиш учун эмас, балки бу ишлар ҳозирга келиб ҳаётда ўзининг реал натижасини бермоқда ҳамда қилинган харажатлар ўзини тўлиқ оқламоқда. Хусусан, соҳага хорижий инвесторларнинг ишончи ошиб бормоқда ва келгуси йиллардаги барча йирик лойиҳалар давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри кредитлар ёки давлат хусусий шерикчилиги эвазига амалга оширилади.
Жорий 2026 йилда ҳам асосий иқтисодий кўрсаткичларда ижобий ўсиш кузатилмоқда. Жумладан, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 7,1 млрд. квт.сoaтгa етказиш режалаштирилган.
Мазкур натижалар мамлакатимиз энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, атмосферага чиқарилаётган углерод чиқиндиларини камайтириш ҳамда экологик мусаффоликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Tантанали тадбирни кириш сўзи билан Бошқарув раиси ўринбосари Бекзод Амирсаидов очиб берди ҳамда сиҳатгоҳга йиғилган иштирокчиларга Бошқарув раиси ҳамда ўзининг номидан самимий табрикларини йўллади.
Шунингдек, тантанали ва мазмунли табриклар билан Инсон ресурслари бошқармаси бошлиғи Иноят Сунатов ҳамда Бошқарув раисининг Маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Азимовалар барча гидроэнергетикларни муборакбод этдилар.
Ташкил этилаётган байрам тадбири нафақат соҳа ютуқларини кенг тарғиб қилиш, балки кўп йиллар давомида гидроэнергетика тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган энергетикларнинг машаққатли меҳнатини эътироф этиш, жамоада ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Тадбир халқона сайл ва маданий ҳордиқ шаклида ташкил этилиб, у «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тизимида меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун дам олиш, самимий мулоқот қилиш, ўзаро фикр алмашиш ва жамоавий бирлик муҳитини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбир доирасида ходимларнинг маданий дам олишини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоада дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда корпоратив маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Байрам дастуридан:
- спорт мусобақалари;
- миллий ва замонавий ошпазлик танловлари;
- ҳунармандчилик кўргазмалари;
- интеллектуал ва маърифий беллашувлар;
- миллий қадриятлар ва анъаналарни тарғиб этувчи чиқишлар;
- маданий-концерт дастурлари;
- фаол дам олиш ва кўнгилочар лойиҳалар ўрин олган.
Тадбир ҳудудида оилавий ҳордиқ чиқариш учун қулай шароитлар яратилган бўлиб, турли маданий ва спорт мусобақалари, миллий қадриятлар акс этган кўргазмалар, ижодий чиқишлар ва оммавий сайл муҳити иштирокчилар учун ҳақиқий байрам кайфиятини ҳосил қилмоқда.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан ташкил этилаётган мазкур тадбир мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, гидроэнергетика соҳасининг нуфузини ошириш, энергетиклар меҳнатини муносиб қадрлаш ҳамда жамоада соғлом ва аҳил муҳитни шакллантириш йўлидаги муҳим маънавий-маърифий ташаббуслардан бири сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Матбуот хизмати








