Ўзбекистон

Қурбон ҳайити арафасида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш учун 690 млрд сўм ажратилади

“Вақф” хайрия жамоат фонди орқали тиббий текширув, операция ва даволаш харажатларини молиялаштириш тартиби ҳам белгиланди.

Қурбон ҳайити арафасида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш учун 690 млрд сўм ажратилади

Ўзбекистон Президенти томонидан муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этишга қаратилган қарор қабул қилинди.

 

Қарорга кўра, Қурбон ҳайити арафасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, оғир касалликларга чалинган беморларни даволаш ҳамда хайрия ва ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун кенг кўламли чоралар кўрилади.

 

Ҳужжат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фондининг бир қатор таклифлари маъқулланди.

 

Қарорга мувофиқ, оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Шунингдек, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморлар тиббий текширувдан ўтказилиб, уларни даволаш ва операция қилиш харажатлари қопланади.

 

Бундан ташқари, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилиши белгиланди.

 

Қарорда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам назарда тутилган. Унга кўра, етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, Меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда “SOS” болалар маҳалласи тарбияланувчилари, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганларнинг фарзандлари ва “Тaskin Children’s Hospice” болалар онкологик шифохонасида даволанаётган болаларнинг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказилади.

 

Шунингдек, 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қуриш, уларни реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, қабристонларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

 

Қарорда қайд этилишича, тиббий текширув, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тиббиёт муассасаларида амалга оширилади. Бунда донорлар харажатларини қоплаш ҳам кўзда тутилган.

 

Даволаш жараёнларининг тасдиқланган стандартлар ва клиник протоколлар асосида ўтказилиши устидан назорат Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан олиб борилади.

 

Мазкур тадбирлар давлат мақсадли жамғармалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ эвазига “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади.

 

Бундан ташқари, Қурбон ҳайити муносабати билан муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш, кўнгилли хайрия ҳашарлари ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун эҳсон дастурхонлари ёзиш ҳамда диний таълим муассасалари ва зиёратгоҳларда қурбонлик тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.

 

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари бошчилигида ҳудудий кенгашлар ташкил этилади. Ушбу кенгашлар меҳр-саховат тадбирларини манзилли ташкил этиш, масжид ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда қарор ижросида юзага келадиган муаммоларни тезкор бартараф этиш билан шуғулланади.

 

Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали тиббий текширув, операция ва даволаш харажатларини молиялаштириш тартиби ҳам белгиланди. Беморларни даволаш учун йўллаш ва маълумотларни ахборот тизимига киритиш ишлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “UZINFOCOM” билан ҳамкорликда амалга оширилади. Кўрсатилган тиббий хизматлар харажатлари эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маълумотномаси асосида беш иш куни ичида қопланади.

 

Бундан олдин Рамазон ойи муносабати билан қабул қилинган ПҚ–67-сон қарор доирасида ҳам “Вақф” фондига айрим касалликлар бўйича даволаниш ва операция харажатларини қоплаш ҳуқуқи берилган эди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда Қурбон ҳайити билан боғлиқ хайрия ва мурувват тадбирларининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтиради.

 

ЎзА ва Миллий телерадиокомпания қарор мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритади.

 

Қарор ижросига Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Президент маслаҳатчиси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Президент Администрациясининг Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти раҳбари Мухиддин Камилов ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Элёр Адилов масъул этиб белгиланди.

 

Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилди.

custom img

Саида Мирзиёева Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан ҳам учрашди

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

custom img

“Электр узилди” деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди — Шавкат Абдураззоқов

Наманган вилояти ҳокими вилоятда электр таъминоти яхшилангани ва йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилаётганини таъкидлади.

custom img

Ҳомиладорлик ва касаллик нафақалари “Baraka” ижтимоий картасига ўтказилади

Нафақа олиш учун банкка бориш, алоҳида ҳисоб очиш ёки қўшимча ариза топшириш талаб этилмайди.

custom img

“Бу сизларга янги куч-ғайрат ва илҳом беради” — Шавкат Мирзиёев

Президент давлат мукофотларини тантанали равишда топшириб, уларга келгуси фаолиятида янги куч ва илҳом тилади.

custom img

COP17: Ўзбекистонда ерларни тиклаш учун янги инвестиция ташаббуслари илгари сурилди

Тадбирда Қорақалпоғистон тажрибаси, ерларни тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш ва янги илмий-амалий марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

custom img

Чўлларни ўзлаштирган деҳқондан уста-наққошгача — фидойи юртдошлар мукофотланди

Сурхондарёлик меҳнат фахрийси Абдусаттор Қурбоновнинг деҳқончиликни ривожлантириш ва чўлларни ўзлаштиришдаги меҳнати алоҳида эътироф этилди.

custom img

558 нафар фидойи инсон юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди

Шавкат Мирзиёев барча ютуқлар халқнинг фидокорона меҳнати билан қўлга киритилаётганини таъкидлади.

custom img

Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига миннатдорлик билдирди

Президент Янги Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йилликдаги асосий натижаларини қайд этди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"