Фарғонада келин сепларини МИБ орқали қайтариб олди
Эътиборлиси, тўйдан бир ҳафта ўтиб оилада низо бошланган.

Тўй тантанаси, қариндош-уруғлар давраси, янги ҳаётга қадам қўйган ёш келин… Бироқ Бешариқ туманида орзулар билан бошланган оилавий ҳаёт кутилмаган низо билан давом этди.
Тўйдан атиги бир ҳафта ўтгач, келинга тегишли бўлган уй-рўзғор буюмлари, маиший техника воситалари ва бошқа қимматбаҳо сеплар масаласи бўйича келишмовчилик келиб чиқди. Сепларни қайтариш юзасидан талабларга қарамай, уларни бермаслик ҳолатлари кузатилди.
Фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш Бюронинг Бешариқ туман бўлими давлат ижрочилари зиммасига юклатилди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида “бермаймиз” деб туриб олинган келинга тегишли сеп жиҳозлари бирма-бир аниқланиб, рўйхат асосида қонуний тартибда олиб берилди. Шу тариқа, ёш келиннинг мулкий ҳуқуқлари тикланиб, суд қарори тўлиқ ижро этилди.








