Александр Федин яратган ўрмонзор "Дендрология боғи"га айлантирилади
“Оқтепа” сув омбори ҳудудидаги ноёб биохилма-хиллик маскани давлат ҳимоясига олинади.

Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Александр Федин билан учрашиб, унинг кўп йиллик меҳнати натижасида барпо этилган ҳудудни кўздан кечирган.

Мулоқот чоғида Александр Федин давлат ҳимоясида эканлиги, шунингдек, Экология қўмитаси тизимидаги Ўрмон агентлигига ишга қабул қилиниши маълум қилинган.

Таъкидланишича, «Оқтепа» сув омбори ҳудудидаги узоқ йиллар давомида шаклланган ноёб дарахтзор, ёввойи ҳайвонлар, қушлар ва бошқа биохилма-хиллик объектлари мавжуд бўлган ер майдонида “Дендрология боғи” барпо этилади.

Шунингдек, Александр Фединнинг табиатни асраш йўлидаги кўп йиллик меҳнати ва ижтимоий ҳолати инобатга олиниб, боғ ҳудудида барча зарур қулайликларга эга бўлган кичик уй-жой қурилади. Боғ ходимлари учун ҳам зарур шароитлар яратилади, жумладан, улар хизмат фаолияти учун квадроцикллар билан таъминланади.








