Тошкентда Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан медиа форуми ташкил этилди
“Медиа ҳафталик” якунлари сарҳисоб қилиниб, фаол иштирокчилар тақдирланди

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Тошкент шаҳрида йилнинг энг йирик медиа форуми ташкил этилди.
Форум мамлакатнинг турли ҳудудларидан журналистлар, блогерлар, вазирлик ва идоралар матбуот котиблари, медиа экспертлари ҳамда контент яратувчиларини бир майдонга жамлади.

Анжуман давомида замонавий медиа маконининг бугунги талаблари, миллий контент сифатини ошириш, ахборот билан ишлашнинг янги ёндашувлари ҳамда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар медиа соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, тажрибалари билан ўртоқлашди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов сўзга чиқиб, мамлакатда медиа соҳасини ривожлантириш, профессионал журналистикани қўллаб-қувватлаш ҳамда рақобатбардош миллий контент яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, тадбир доирасида жорий йилнинг 30 мартидан 26 июнига қадар республика бўйлаб илк бор ўтказилган “Медиа ҳафталик” лойиҳаси якунлари сарҳисоб қилиниб, энг фаол иштирокчилар тақдирланди.

Таъкидланишича, медиа форуми профессионал мулоқот, тажриба алмашиш ва янги ғояларни илгари суриш майдонига айланиб, мамлакат медиа ҳамжамиятини сифатли, ишончли ва замонавий контент яратиш йўлида яна бир бор бирлаштирди.








