Дубайда оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик оила ватанга қайтарилди
Виза муддати тугагани сабаб жаримага тортилган оила дипломатик музокаралар натижасида БААни жаримасиз тарк этди.

Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Бирлашган Араб Амирликларида оғир вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик оила ватанга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро П.Г. ва унинг фарзанди А.З. 2025 йилда мавсумий иш мақсадида Дубайга борган. Молиявий қийинчиликлар сабабли улар 2026 йил январь ойида Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипталар харид қилган. Бироқ авиарейсларнинг кечикиши ҳамда Яқин Шарқдаги кескин вазият туфайли мамлакатни ўз вақтида тарк эта олмаган.
Натижада уларнинг БААда визасиз қолиш муддати тугаб, жаримага тортилган.
Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси томонидан Дубай иммиграция хизмати билан олиб борилган музокаралар натижасида фуқароларга мамлакатни жарима тўламасдан тарк этиш учун рухсат олинган.
Шунингдек, дипломатик ваколатхона ташаббуси билан БААдаги «Аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш» жамғармаси ҳомийлигида оила аъзолари учун 26 июнь куни Дубай–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилиниб, уларнинг Ўзбекистонга хавфсиз қайтиши таъминланган.








