Ўзбекистон

Ўзбекистонда иш қидираётганлар сони кескин кўпайди

МБ таҳлилига кўра, бу ҳолат меҳнат бозорида рақобатни кучайтириб, айрим йўналишларда иш ҳақининг тез ошишига туртки бўлмоқда.

Ўзбекистонда иш қидираётганлар сони кескин кўпайди

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда фаол резюмелар сони 31,5 фоизга ошиб, 636 мингтага етди. Бу ҳақда Марказий Банк хабар берди.

 

Регулятор иш қидирувчилар сонининг тез ўсиши натижасида меҳнат бозоридаги рақобат кучайганини, бу эса иш ҳақлари ўсишига ҳам сезиларли туртки бераётганини қайд этди.

 

Таҳлилда сўнгги чоракларда иқтисодиётда бандлик барқарор кенгайгани таъкидланган. Бандлик ўсишининг асосий қисми хизматлар соҳаси ҳиссасига тўғри келган. Хусусан, молиявий ва суғурта фаолияти, профессионал ва техник хизматлар ҳамда маъмурий ва ёрдамчи хизматлар йўналишларида бандлик сезиларли ошган.

 

Марказий банк ушбу йўналишлардаги бандлик ўсишини бозор инфратузилмасининг ривожланиши ва иқтисодиётда янги фаолият турларига талаб ортаётгани билан изоҳлади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида бандликнинг қисқариши меҳнат ресурсларининг бошқа тармоқларга қайта тақсимланаётгани билан боғланган.

 

Саноат ва савдо соҳаларида бандликнинг барқарор ўсиши кузатилган бўлиб, бунда асосий улуш хусусий сектор ҳиссасига тўғри келган. Давлат корхоналарининг ҳиссаси ҳам ижобий сақланган бўлса-да, унинг таъсири нисбатан чекланган.

 

Ҳисоботга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида меҳнат бозори юқори иқтисодий фаоллик шароитида ривожланган. Вакансиялар сони йиллик ҳисобда январь ойида 4,5 фоизга, февраль ойида эса 6,5 фоизга камайган. Бироқ март ойида фаоллик тикланиб, 15,4 мингта бўш иш ўрни эълон қилинган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 9,8 фоиз кўпдир.

 

Ишчи кучига талаб энг юқори хизматлар соҳаси ва чакана савдода сақланиб қолмоқда. Қурилиш соҳасида бандлик мавсумий омилларга боғлиқ бўлса-да, биринчи чорак давомида ушбу йўналишда ҳам меҳнатга талаб ошган. Умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам ишчиларга талаб юқори бўлиб, сезиларли фаоллашув кузатилган.

 

Марказий банк муқобил манбалар ҳам Ўзбекистонда бўш иш ўринлари сони ўсишда давом этаётганини кўрсатаётганини қайд этди. Шу билан бирга, ишчи кучи таклифининг ўсиш суръатлари меҳнатга бўлган талаб ўсишидан сезиларли даражада юқори бўлиб қолмоқда.

 

Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йил якунида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 4,8 фоизни ташкил этган. 2026 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган сўровлар ҳам корхоналарда ходимларни ёллаш бўйича кутилмалар ижобий сақланиб қолганини кўрсатган. Хусусан, хизматлар ва савдо соҳаларида бандлик ошишини кутаётган корхоналар улуши кўпайган, саноатда эса кутилмалар барқарор шаклланган.

 

Марказий банк таъкидлашича, сўров натижалари меҳнат бозорида талабнинг барқарорлиги ва бизнес фаоллиги бўйича ижобий кутилмалар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

 

Таҳлилга кўра, соҳалар кесимида иш ҳақи миқдоридаги тафовут сақланиб қолаётган бўлса-да, меҳнатга ҳақ тўлаш барқарор ўсишда давом этмоқда. Энг юқори иш ҳақи ўсиши молиявий ва суғурта фаолияти, транспорт (ташиш ва сақлаш) ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида қайд этилган. 

 

Регулятор бунга ушбу йўналишларда ишчи кучига талаб юқорилиги сабаб бўлаётганини билдирган. Чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида эса иш ҳақи ўсиши нисбатан барқарор шаклланган.

 

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи 17,4 фоизга, реал иш ҳақи эса 9,5 фоизга ошган.

 

2026 йилнинг дастлабки уч ойида хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони 1,63 миллион нафарга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,6 фоиз кўпдир.

 

Шу даврда Россияда патент асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,34 миллион нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган чоракка нисбатан 8,8 фоизга, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан эса 1,8 фоизга камайган.

 

Марказий банк буни мавсумий омиллар ҳамда ташқи меҳнат бозори шароитларидаги ўзгаришлар билан изоҳлади. Шу билан бирга, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари орасида бошқа давлатларни танлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

 

Хусусан, биринчи чоракда Туркияда ишлаш учун берилган расмий рухсатномалар сони 70 мингтага етиб, ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошган. Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари сони  барқарор ўсишни давом эттириб, 99,6 минг нафарга етган.

 

Туркияда икки қидирувдаги шахс ушланди: бири 9 йилдан бери қочиб юрган

Туркияда икки қидирувдаги шахс ушланди: бири 9 йилдан бери қочиб юрган

Икки фуқаро белгиланган тартибда Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди.

Пахта терими пули вақтида тўланмаган: теримчиларга қарийб 9 млрд ундириб берилди

Пахта терими пули вақтида тўланмаган: теримчиларга қарийб 9 млрд ундириб берилди

Давлат меҳнат инспекцияси ҳудудларда мониторинг ўтказди.

Электр ва газ учун компенсация: 470 минг оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда

Электр ва газ учун компенсация: 470 минг оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда

Электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинди.

Самарқандда 2 мингта машина жарима майдончасига жойлаштирилди

Самарқандда 2 мингта машина жарима майдончасига жойлаштирилди

МИБ ҳамда ЙҲХБ ҳамкорлигида ўтказилган қўшма рейдлар давомида 9 ойда 2 152 та автотранспорт воситалари вақтиналик сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган, шундан 1 856 таси жарималарни тўлаганлиги сабабли жарима майдончасидан чиқарилган.

Алимент ўрнига уй-жой ва “NEXIA 3”: Тошкентда ота фарзандлари таъминотини олдиндан таъминлади

Алимент ўрнига уй-жой ва “NEXIA 3”: Тошкентда ота фарзандлари таъминотини олдиндан таъминлади

Ҳозирги кунда мазкур ижро ҳужжатида белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлиги муносабати билан ижро иши қонуннинг 37-моддасига асосан тамомланган.

Тошкентда МИБ орқали кечиктирилган иш ҳақи ундирилди

Тошкентда МИБ орқали кечиктирилган иш ҳақи ундирилди

Ижро ҳаракатлари натижасида қарздор томонидан ундирувчи собиқ ходим фойдасига жами 195 млн сўм тўлиқ тўлаб берилди.

Тошкентда ота 190 млн алиментни олдиндан тўлади

Тошкентда ота 190 млн алиментни олдиндан тўлади

Шу тариқа уч нафар фарзанднинг таъминоти кафолатланди.

Тошкент вилоятида кредит қарзи сабаб Volkswagen хатланди

Тошкент вилоятида кредит қарзи сабаб Volkswagen хатланди

Маълум бўлишича, фуқаро 843 млн  қарзига бепарво муносабатда бўлган.

Ўзбекистонда иш қидираётганлар сони кескин кўпайди | Zamon.uz