Тошкентда канализация суви Салор каналига оқизилган
Канал сувидан белгиланган тартибда намуналар олиниб, лаборатория таҳлилига юборилган.

Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасида олиб борилган қурилиш ишлари вақтида шикастланган канализация қувуридан чиққан оқова сув Салор каналига оқизилгани аниқланди.
Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси маълум қилишича, ҳолат юзасидан бошқарма раҳбари, лаборатория мутахассислари ҳамда Яккасарой тумани экология назорати инспекцияси давлат инспекторлари иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш давомида оқова сувнинг Салор каналига тўғридан тўғри оқизилгани тасдиқланган. Шундан сўнг канал сувидан белгиланган тартибда намуналар олиниб, лаборатория таҳлилига юборилган.
Қайд этилишича, таҳлил натижалари ҳамда ўрганиш якунларига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилмагани юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади. Қўшимча маълумотлар текширув ишлари якунлангач эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 3 июль куни Яккасарой туманидаги қурилиш объектида юзага келган техник носозлик оқибатида диаметри 1 800 миллиметр бўлган канализация қувурига шикаст етган эди.








