Фарғонада шағал уюмига яширилган қарийб 6 кг гашиш аниқланди
Муқаддам гиёҳвандлик билан боғлиқ жинояти учун судланган аёл яна ноқонуний фаолият билан шуғуллангани аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар ва Божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона шаҳри Бешбола маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган аёл келгусида сотиш мақсадида 5 килограмм 936 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини майда шағал уюми орасига яшириб қўйгани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида мазкур гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида расмий тартибда мусодара қилинган.
Маълум қилинишича, гумонланувчи аёл аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган бўлишига қарамай, яна ноқонуний фаолият билан шуғуллангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда ҳамда унинг эҳтимолий шерикларини аниқлаш бўйича тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








