Тошкентда қизнинг беҳаё суратларини тарқатиш билан таҳдид қилган йигит ушланди
Instagram орқали танишган йигит жиддий муносабат ваъдаси билан қиздан шахсий фото ва видеоларини олган.

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментига келиб тушган мурожаат асосида вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган товламачилик ҳолатига чек қўйилди.
Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, 2008 йилда Тошкент шаҳрида туғилган қиз Instagram ижтимоий тармоғи орқали бир йигит билан танишган. Мулоқот давомида йигит жиддий ниятда эканини билдириб, қиздан ҳар хил беҳаё расм-видеоларни юборишни сўраган.
Орадан вақт ўтгач, у ушбу материалларни интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, қиздан 300 АҚШ доллари талаб қилган.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи талаб қилган пулларнинг 200 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








