Ўзбекистонда чақалоқлар ўлимининг 47 фоизи илк 30 кун ичида содир бўлмоқда
2030 йилгача бу кўрсаткични қарийб икки бараварга камайтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда 2030 йилгача болалар ўлими кўрсаткичини сезиларли даражада камайтириш мақсадида педиатрия хизматини тубдан такомиллаштириш, эрта ташхис дастурларини кенгайтириш ҳамда касалликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдуманноп Абдуқаюмовнинг маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатда болалар ўлими ҳар минг нафар болага 14,3 ҳолатни ташкил этмоқда. 2025–2030 йилларга мўлжалланган стратегияга мувофиқ, ушбу кўрсаткични ҳар минг нафар болага 8 ҳолатгача камайтириш режалаштирилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, бугунги кунда чақалоқлар ўлимининг 47 фоизи ҳаётнинг илк 30 кунида содир бўлмоқда. Бу эса асосий эътибор неонатал давр ва туғруқхонадан кейинги дастлабки ҳафталарда тиббий кузатувни кучайтиришга қаратилиши лозимлигини кўрсатади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда чақалоқлар ўлими қарийб 7,5 минг ҳолатни ташкил этган. Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 8,3 минг нафарни ташкил қилган.
Қайд этилишича, асосий хавф гуруҳига муддатидан олдин туғилган чақалоқлар, туғма ривожланиш нуқсонлари ҳамда ирсий касалликларга чалинган болалар киради. Ҳар йили Ўзбекистонда 48 мингдан ортиқ бола туғма ва генетик патологиялар билан дунёга келмоқда.
Ислоҳотлар доирасида педиатрия хизматининг тўрт босқичли тизимини жорий этиш, болаларни DMed ягона рақамли тиббий платформаси орқали кузатиш, кам учрайдиган касалликларга чалинган беморларнинг миллий реестрини яратиш ҳамда Германия ҳукумати кўмагида замонавий генетик лабораторияни ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, DMed тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ташхис қўйиш муддатини 3–5 кунгача қисқартириш, профилактик тиббий кўриклар билан болаларнинг камида 95 фоизини қамраб олиш ва юқори технологияли тиббий ёрдам улушини 75 фоизгача ошириш кўзда тутилган.








