Самарқандда Мирзо Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
Мазкур институтни ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 4 июнь куни Самарқандда бўлиб ўтган Глобал экологик фонднинг саккизинчи Ассамблеясида илгари сурилган.

11 июль куни Марказий Осиё ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”)да Самарқандда Мирзо Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институтини ташкил этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Колумбия университети Барқарор ривожланиш маркази директори, БМТ Бош котибининг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ҳимоячиси Жеффри Сакс, М31 Capital инвестиция компанияси асосчиси ва бошқарувчи ҳамкори Патрик Чжун, “Green University” ректори, профессор Бахтиёр Пўлатов, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, мазкур институтни ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 4 июнь куни Самарқандда бўлиб ўтган Глобал экологик фонд (GEF)нинг саккизинчи Ассамблеясида илгари сурилган. 6 июль куни эса давлат раҳбарига Мирзо Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилган.
Янги институт Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда “Green University” ҳузурида ташкил этилади. Лойиҳа ҳамкори —
барқарор ривожланиш соҳасидаги дунёнинг етакчи экспертларидан бири, Колумбия университети профессори Жеффри Сакс ҳисобланади.
Институт «яшил» ва барқарор ривожланиш тамойиллари асосида ҳудудлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш бўйича илмий-таҳлилий платформа вазифасини бажаради. Унинг фаолияти илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқиш, халқаро илмий марказлар ва молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилади. Институт фаолияти Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Васийлик кенгаши томонидан стратегик бошқарилади.
Лойиҳа доирасида Самарқандда экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб этишга хизмат қиладиган “Яшил инвестициялар ва инновациялар зали” ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Институтнинг асосий мақсади барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт, яшил ўсиш ва яшил шаҳарлар йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб бориш, инновацион технологиялар ҳамда амалий ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат. Шунингдек, Самарқандни Марказий Осиёдаги илк “яшил тажриба шаҳри”га айлантириш ва ушбу моделни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш кўзда тутилган.
Мутахассислар фикрича, Мирзо Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва барқарор ривожланиш соҳасида замонавий ёндашувларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.








