Доналд Трамп жинсий зўравонлик ва туҳмат иши бўйича 5 миллион доллар товон пули тўлади
Трампнинг апелляция доирасидаги эътирозлари рад этилиб, суд қарори билан ёзувчи ва журналист Элизабет Керроллнинг юридик фирмасига маблағ ўтказилди.

Доналд Трамп ёзувчи ва журналист Элизабет Жин Керроллга нисбатан жинсий зўравонлик ва туҳмат иши бўйича суд қарорига мувофиқ 5 миллион доллардан ортиқ товон пулини тўлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Трампнинг апелляция жараёнлари доирасидаги эътирозларига қарамай, федерал судья суд назоратидаги ҳисобварақдан маблағни Керроллнинг юридик фирмасига ўтказишга рухсат берган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда суд ҳайъати Трампни Элизабет Жин Керроллга нисбатан жинсий зўравонлик ва туҳмат бўйича фуқаролик ишида жавобгар деб топиб, 5 миллион доллар товон тўлашга ҳукм қилган эди. Бироқ суд Трампни зўрлаш айби бўйича жавобгар деб топмаган.
Кейинчалик Керролл Трампга қарши бошқа фуқаролик даъволарида ҳам ғалаба қозонган. Натижада унинг фойдасига чиқарилган суд қарорларининг умумий қиймати 88,3 миллион долларни ташкил этган.
Доналд Трамп барча айбловларни рад этиб, Керроллнинг даъволарини асоссиз ва сиёсий тусдаги ҳуқуқий босим деб баҳолаган. У ёзувчини танимаслигини, айбловлар эса китоб савдосини ошириш мақсадида ўйлаб топилганини таъкидлаб келмоқда.
Элизабет Жин Керролл эса олган маблағни аввал пенсия жамғармасига йўналтириш, кейинчалик унинг бир қисмини хайрия ишлари учун сарфлашни режалаштираётганини маълум қилган.








