Алиментдан қарздор ота маккажўхори даласидан топилди
Маълумотларга кўра, қарздор фуқаро ҳозирги кунга қадар 37 миллион сўм алимент пулларини тўламасдан қочиб юрган.

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида алимент тўлашдан бўйин товлаб, МИБ ходимларидан яшириниб юрган эркак дала ичида бекиниб ўтирганида қўлга тушди. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қарздор эркакка бундан 3 ой муқаддам қидирув эълон қилинган бўлиб, унинг уйига давлат ижрочилари бир неча бор келиб кетишган, бироқ фуқаро бу манзилда эмаслиги ҳақида маълумот олинган.
Шунга қарамасдан давлат ижрочиси уни қидириш йўлида янги маълумотларга эга бўлади ва қочоқ ота айнан ўз уйида, яна ҳам аниқроғи маккажўхори даласида яшириниб ўтиргани маълум бўлади.
Суд буйруғига кўра, қарздор фуқародан ундирувчи фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун хар ойда барча даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган бўлиб, тегишли ижро иши қўзғатилган.
Ушбу ижро ҳужжати юзасидан қарздор фуқаро бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан алимент пулларини тўламаганлиги учун Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг 16 январдаги қарорига асосан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Қарздор фуқаро ҳозирги кунга қадар 37 миллион сўм алимент пулларини тўламасдан қочиб юрган. Ҳозирда ЖКнинг 122-моддасига асосан жиноий иш қўзғатиш учун тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.








