Транспорт саноатида янги босқич: “Миллий саноат занжири” кўргазмаси қандай имкониятларни очди?
Тадбир якунида умумий қиймати 714 миллиард сўмлик 10 мингдан ортиқ давлат харидлари шартномалари ҳамда 90 дан зиёд ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Бугунги кунда транспорт тармоғини замонавийлаштириш нафақат янги инфратузилма яратиш, балки ушбу соҳа эҳтиёжларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан қоплашни ҳам талаб этмоқда. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ички саноат салоҳиятини кенгайтириш ва давлат буюртмаларида маҳаллий корхоналар иштирокини ошириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган “Миллий саноат занжири” кўргазмаси транспорт саноатининг бугунги имкониятлари ва эртанги истиқболини намоён этди.

Жорий йилнинг 15–16 июль кунлари Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Sof Expo” кўргазма марказида ўтказилган мазкур тадбир Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Транспорт вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, транспорт соҳасининг йирик давлат буюртмачилари ҳамда тармоқ корхоналари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазма икки кун давомида транспорт соҳасида фаолият юритаётган давлат буюртмачилари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар, илмий марказлар ва бизнес вакилларини ягона платформада жамлади. Тадбир транспорт тармоғида кооперация алоқаларини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва маҳаллий корхоналарнинг бозор имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.

Кўргазмада транспорт соҳасининг 5 та йирик тармоқ корхонаси, 80 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳамда 2 мингдан зиёд маҳсулот намойиш этилди. Темир йўл, фуқаро авиацияси, автомобиль йўллари, шаҳар транспорти ва логистика йўналишлари учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, замонавий ускуналар, бутловчи қисмлар, инновацион ишланмалар ва истиқболли саноат лойиҳалари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Мазкур кўргазманинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда ишлаб чиқарувчилар нафақат ўз маҳсулотларини намойиш этди, балки йирик давлат буюртмачиларининг амалдаги ва истиқболдаги эҳтиёжлари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. Транспорт соҳаси ташкилотлари томонидан 2026 йил ва ундан кейинги даврларга мўлжалланган харид режалари, маҳсулотларга қўйиладиган техник талаблар, сифат мезонлари ҳамда йиллик эҳтиёж ҳажми ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бу эса тадбиркорларга бозор талабларини чуқур таҳлил қилиш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини белгилаш ва ишлаб чиқариш қувватларини реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб ривожлантириш имконини яратди. Айниқса, бугунги кунда четдан импорт қилинаётган маҳсулотларнинг маҳаллий муқобилларини ишлаб чиқаришга оид таклифлар кўплаб корхоналар учун янги бизнес йўналишларини очиб берди.

Кўргазма доирасида ташкил этилган 30 та B2B ва 20 та B2G учрашувлари тадбирнинг амалий аҳамиятини янада оширди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар йирик давлат буюртмачилари, тижорат банклари, инвесторлар ва илмий муассасалар билан бевосита музокаралар олиб борди. Учрашувларда саноат кооперациясини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда кафолатли харид ва оффтаке шартномаларини тузиш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқотлар натижасида 90 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бу эса транспорт саноатида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилганини англатади.

Кўргазмада илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва стартап жамоалари томонидан транспорт соҳасига оид инновацион ишланмалар, рақамли технологиялар ва илмий ечимлар тақдим этилди. Муҳандис-техник мутахассисларни тайёрлаш, дуал таълимни ривожлантириш ҳамда R&D марказлари билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ташаббуслар ҳам иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Кўргазманинг яна бир муҳим жиҳати унинг амалий натижаларида намоён бўлди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, давлат харидлари доирасида 10 мингдан ортиқ шартномалар имзоланди. Уларнинг умумий қиймати 714 миллиард сўмни ташкил этди. Мазкур келишувлар транспорт соҳасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш, ички саноатни қўллаб-қувватлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш учун муҳим иқтисодий замин яратади.

Бугунги глобаллашув шароитида иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аввало, ички ишлаб чиқариш салоҳиятига таянишни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, “Миллий саноат занжири” кўргазмаси транспорт соҳасида маҳаллий корхоналар имкониятларини намоён этиш, давлат буюртмачиларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бевосита боғлаш ҳамда узоқ муддатли саноат кооперациясини ривожлантиришнинг самарали моделига айланди.

Кўргазма давомида эришилган натижалар транспорт тармоғида маҳаллий контент улушини ошириш, импортга қарамликни камайтириш, янги ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ва инвестицияларни жалб этиш борасидаги ишлар изчил давом этаётганини яққол намоён этди. Бу эса келгусида мамлакатимиз транспорт саноатининг рақобатбардошлигини ошириш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган муҳим омиллардан бири бўлиб қолади.

Кўргазма якунида ўзининг инновацион ёндашуви, илғор технологик ечимлари ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси билан ажралиб турган иштирокчилар тантанали равишда тақдирланди. Ғолиблар “Энг яхши инновацион стенд”, “Энг истиқболли инновацион стартап”, “Энг истиқболли транспорт лойиҳаси”, “Импорт ўрнини босувчи энг яхши лойиҳа” ҳамда “Энг самарали саноат занжири лойиҳаси” номинациялари бўйича эътироф этилди.








