Покистон ва Қувайт мудофаа ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича музокара ўтказмоқда
Манбаларга кўра, Исломобод бунинг эвазига энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестицияларни кенгайтиришга умид қилмоқда.

Покистон ва Қувайт мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Reuters агентлигининг беш нафар хабардор манбага таяниб хабар беришича, музокаралар ҳали дастлабки босқичда бўлиб, якуний келишувга эришилиши минтақадаги геосиёсий вазиятга ҳам боғлиқ.
Манбаларга кўра, Қувайт 2023 йилдан буён амал қилиб келаётган амалдаги мудофаа ҳамкорлиги келишувидан ҳам кенгроқ битим тузишни истамоқда. Янги ҳужжат Покистон билан Саудия Арабистони ўртасида аввал имзоланган стратегик мудофаа битимига ўхшаш бўлиши, унда Покистон ҳарбий хизматчилари, қирувчи самолётлар, учувчисиз аппаратлар, ҳаво мудофааси тизимлари ва бошқа ҳарбий воситаларнинг жойлаштирилиши назарда тутилиши мумкин. Бироқ Покистон расмийлари ҳозирча жанговар қўшинларни Қувайтга юбориш масаласи кўриб чиқилмаётганини билдирган.
Реутерс манбаларига кўра, Исломобод мазкур ҳамкорлик эвазига Қувайт билан энергетика соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Хусусан, нефть маҳсулотларини сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Қувайт инвестицияларини жалб этиш масалалари музокараларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Қувайт Покистонни узоқ йиллардан буён ишончли ҳарбий ҳамкор сифатида кўриб келади. Икки давлат ўртасидаги ҳарбий алоқалар ўнлаб йиллардан буён давом этиб, Покистон ҳарбий мутахассислари Қувайт армиясини тайёрлаш ва маслаҳат бериш ишларида иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, Покистон ҳарбийлари аввал ҳам Форс кўрфази давлатларида хизмат қилган.
Манбаларга кўра, Покистон, Саудия Арабистони ва Туркия ўртасида ҳам минтақавий хавфсизлик бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинмоқда. Баҳрайн ва Иордания ҳам Исломобод билан шунга ўхшаш мудофаа ҳамкорлигини йўлга қўйишга қизиқиш билдирган. Бироқ ҳозирча Покистон ва Қувайт ўртасидаги музокаралар якунига етмаган ва томонлар расмий келишув имзолаш бўйича қарор қабул қилмаган.








