Солиқ имтиёзларини олишнинг электрон тартиби жорий этилди
Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича мурожаатлари 2 иш кунида кўриб чиқилади.

Ҳукуматнинг 2026 йил 16 июлдаги 389-сон қарори билан жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун электрон мурожаат юбориш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Янги маъмурий регламентга мувофиқ, фуқаролар солиқ имтиёзларини олиш учун Электрон солиқ хизматлари портали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон мурожаат юбориши мумкин.
Мурожаат солиқ органи томонидан мавжуд маълумотлар асосида 2 иш куни давомида кўриб чиқилади. Шундан сўнг солиқ имтиёзини қўллаш ёки рад этиш бўйича хулоса расмийлаштирилади.
Қабул қилинган қарор 1 иш куни ичида мурожаатчининг Электрон солиқ хизматлари порталидаги шахсий кабинетига ёки my.gov.uz портали орқали юборилади.
Агар мурожаат рад этилса, фуқаро рад этиш сабаблари бартараф этилгач, қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай мурожаатлар ҳам белгиланган тартиб асосида қайта кўриб чиқилади.








