АҚШда ака-ука Тейтлар Буюк Британия сўрови билан ҳибсга олинди
Эндрю ва Тристан Тейт зўрлаш, одам савдоси ва бошқа оғир жиноятларда айбланмоқда. Уларнинг апрель ойида Ўзбекистонга келгани ҳам танқид остида қолганди.

АҚШ маршаллари ижтимоий тармоқлардаги фаолияти билан танилган ака-ука Эндрю ва Тристан Тейтни Буюк Британиянинг экстрадиция сўрови асосида Маямида ҳибсга олди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, Буюк Британия терговчилари 2010–2017 йиллар оралиғида Шарқий Англияда содир этилгани айтилаётган жинсий жиноятлар юзасидан етти нафар жабрланувчининг мурожаатини ўрганган. Эндрю Тейтга нисбатан зўрлаш, одам савдоси, вояга етмаганларга оид номақбул тасвирларни сақлаш ва тан жароҳати етказиш каби 42 та айблов қўйилган. Тристан Тейт эса зўрлаш, жинсий тажовуз ва одам савдоси билан боғлиқ 17 та айбловга дуч келмоқда.
АҚШ Адлия вазирлиги ака-укалар экстрадиция жараёнлари доирасида халқаро шартномалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги келишувларга мувофиқ ҳибсга олинганини тасдиқлади. Улар келаси ҳафта Маямидаги федерал суд олдига чиқарилиши кутилмоқда.
Тейтларнинг адвокати Жозеф Макбрайд мижозлари айбсиз эканини билдириб, Буюк Британия ва Руминия ўртасида Руминиядаги суд ишлари якунланмагунча экстрадиция талаб қилинмаслиги бўйича келишув мавжудлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Руминиядаги суд жараёнлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Руминия прокуратураси ҳам аввалроқ ака-укаларни аёлларни Руминия, Буюк Британия ва АҚШ бўйлаб одам савдоси йўли билан олиб ўтганлик ҳамда жинсий эксплуатация қилганликда айблаган эди. Ака-укалар ушбу айбловларни рад этиб келмоқда.
Эндрю Тейт Буюк Британияда яна бир фуқаролик даъвоси бўйича ҳам жавобгар ҳисобланади. Тўрт нафар аёл уни зўрлашда айблаб судга мурожаат қилган. Тейт вакиллари эса бу айбловларни ҳам қатъиян инкор этмоқда.
Бедфордшир полицияси маълумотига кўра, янги айбловлар Бедфордшир ва Ҳертфордшир ҳудудларидаги яна тўрт нафар жабрланувчининг кўрсатмалари ҳамда тергов давомида тўпланган қўшимча далиллар асосида илгари сурилган.
АҚШ ва Буюк Британия фуқаролигига эга бўлган ака-укалар 2025 йил февраль ойида Руминия расмийлари уларга қўйилган сафар чекловларини бекор қилганидан сўнг Флоридага келган эди. Уларнинг Флорида штатига келиши ортидан штат бош прокуратураси ҳам улар юзасидан алоҳида тергов бошлаган.
2026 йилнинг 4 апрель куни Эндрю Тейт Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистонга ташрифи акс этган видеони эълон қилган эди. Унда у Тошкент халқаро аэропортида карнай-сурнай садолари остида ҳамда зар чопон кийдирилган ҳолда кутиб олинаётгани тасвирланган.
Мазкур видео ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Халқаро миқёсда оғир жиноятларда айбланаётган шахсга бундай тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилгани танқидларга учради.








