Ўзбекистонда аномал иссиқ ортга чекинмоқда
Ҳафта ўрталаридан мамлакатнинг кўп қисмида кундузги ҳарорат 30–35 даражагача тушиши кутилмоқда.

«Ўзгидромет» 22–25 июль кунлари учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Унга кўра, 23 июлдан бошлаб республиканинг аксарият ҳудудларида аномал иссиқ аста-секин чекина бошлайди.
Прогнозга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида 22–23 июль кунлари кундузги ҳаво ҳарорати 30–35 даража, 24–25 июль кунлари эса 32–37 даража атрофида бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида 22–24 июль кунлари ҳаво 32–37 даража, 25 июлда эса 34–39 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳарорат энг юқори даражада сақланиб, 22–23 июль кунлари 34–39 даража, 24–25 июль кунлари эса 35–40 даражагача кўтарилади. Айрим ҳудудларда шамол сониясига 20–22 метргача кучайиши ва чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 22 июль куни айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши, 23–25 июль кунлари эса ёғингарчилик кутилмаслиги билдирилган.
Шунингдек, тоғли ҳудудларда айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши, ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 20–28 даража атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.








