Ўзбекистоннинг 4 та вилоятида сел хавфи эълон қилинди
Кутилаётган ёмғирлар сабаб тоғолди ҳудудларида сел-сув тошқинлари ҳамда айрим жойларда сув тўпланиши эҳтимоли мавжуд.

«Ўзгидромет» 21–24 июль кунлари республиканинг айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик кузатилиши муносабати билан сел-сув тошқини хавфи юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим туманлари ҳамда тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари кузатилиши эҳтимоли мавжуд.
Хусусан, хавф Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари, шунингдек Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрини қамраб олади.
Шунингдек, республиканинг айрим ҳудудларида кучли ёмғирлар оқибатида ёмғир сувлари тўпланиши ва ҳудудларни сув босиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
«Ўзгидромет» тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда ушбу йўналишларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларига қатъий амал қилишни сўради.








