Тошкентда 1,4 млрд сўмлик “кешбэк” маблағлари талон-торож қилинди
322,4 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақидаги сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Тошкент шаҳрида 1,4 миллиард сўм миқдоридаги буджет маблағларини «кешбэк» тўловлари орқали талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Аниқланишича, «Э.П.», «М.М.» ва «Э.С.» МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, гўёки 322,4 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирган.
Шунингдек, улар назорат-касса машиналари орқали савдо амалга оширилгани кўринишини яратиб, 3 363 та харид чеки расмийлаштирган. Мазкур чеклар асосида ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номидан «Soliq Mobile» иловаси орқали «кешбэк» маблағлари олинган.
Оқибатда 1,4 миллиард сўм буджет маблағи ноқонуний равишда талон-торож қилингани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.








